“Жума кунлари БМТ билан” - биринчи учрашув
2012 йилнинг 13 январида Ўзбекистондаги БМТ Ахборот марказида “Жума кунлари БМТ билан” лойиҳаси доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди. Айтиш жоизки, ушбу тадбир 2011 йилда амалга ошириш бошланган ва ўзининг ижобий натижаларини кўрсатган “Жума кунлари БМТ билан” лойиҳасининг давомидир.
Тадбир “Жума кунлари БМТ билан” лойиҳаси доирасида 2012 йилда ташкил этилган илк учрашув бўлиб, унда “Савол беринг, БМТ Ўзбекистонда” танлови ғолиблари тақдирланди. Танловнинг олдига қўйилган асосий мақсад БМТ жамғармалари ва агентликларининг Ўзбекистондаги фаолияти билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш ва уларнинг билимларини оширишдир. Қайд этиш жоизки, тадбирда маҳаллий оммавий ахборот восталаридан 30 нафарга яқин вакил ва 100 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Бу эса БМТ ва унинг бошқа дастур лойиҳаларига хам қизиқишнинг ортиб бораётганини кўрсатади.
Тадбир “БМТ Ўзбекистонда: 2011 йилнинг муҳим воқеалари” деб номланган фильм намойиши билан бошланди. Фильмда жамоатчилик эътибори 2011 йилнинг бир қатор муҳим воқеалари, хусусан, Нукус шаҳрида ўтказилган “Ердаги бир кун”, БМТ ташкил топган куннинг Тошкентда нишонланиши, “Жума кунлари БМТ билан” лойиҳаси доирасида ташкил этилган учрашувлар ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси томонидан ўтказилган “Етти миллиардли дунё” кампаниясига қарaтилди. Шундан сўнг БМТ Ахборот маркази раҳбари Бобур Комилов 2011 йилда амалга оширилган лойиҳаларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигининг таъкидлаган ҳолда. “Савол беринг, БМТ Ўзбекистонда” танлови ғолибларининг исми-шарифларини эълон қилди.
2008 йилдан буён анънавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган “Савол беринг, БМТ Ўзбекистонда” танлови БМТ тадбирларида фаол иштирок этаётган ёшлар орасида жуда оммабоп бўлган танловлардан биридир. Танлов ҳақида ўтган йили UNIC TASHKENT саҳифаси оркали оммабоп ижтимоий тармоқ - Facebook да маълумот берилганди. Айтиш лозимки, Facebook БМТ Ахборот маркази ва БМТ фаолиятига қизиқувчилар ўртасида ахборот алмашишнинг мустаҳкам манбаига айланган. Танлов доирасида100 гаяқин савол берилганди. Ушбу саволлар глобаль муаммолардан тортиб, турли можаролар ва инсон ҳуқуқларигача бўлган жабҳаларни ўз ичига қамраб олган. Саволлар орасидан энг яхши деб ҳисобланган 10 тасини танлаб олиш осон кечмади.
Ўтказилган тадбир давомида 10 та энг яхши деб ҳисобланган саволларга БМТ дастурлари ва БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари масъул вакиллари жавоб беришди. Шундан сўнг оммавий ахборот вакиллари ҳам ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. Танлов ғолибларидан бири, талаба Ҳикматулла Убайдуллаев нима учун ёшлар БМТ фаолияти ҳақида тасаввурга эга бўлишлари ва ташкилот томонидан ўтказилаётган тадбирларда иштирок этишлари лозимлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини шундай ифода қилди:
“Ўйлайманки саолларни бериш жараёнида иштирокчилар БМТ фаолиятига оид кўплаб маълумотлардан хабардор бўлади ва бу уларнинг таҳсил олиши, меҳнат фаолиятида муваффақиятга эришишида жуда фойдали. БМТ томонидан ташкил этилаётган тадбирлар, хусусан, “Жума кунлари БМТ билан” учрашувлари эса иштирокчиларга ўзларининг нотиқлик маҳоратини оширишда қўл келади. Нотиқлик маҳорати БМТнинг агентликларида иш олиб бориш, қолаверса, бутун бизнес олами учун катта аҳамиятга эга”.
Маълумки БМТ Тараққиёт дастурининг устувор йўналишларидан бири Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлашдир. “Савол беринг, БМТ Ўзбекистонда” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ниҳоясига етганидан сўнг, иштирокчилар эътиборига БМТ Тараққиёт дастури ва Глобаль экологик жамғарма лойиҳаси доирасида тайёрланган “Қорақалпоғистон ва Қизилқум чўлининг деградацияга учраган ерларида экологик тизим барқарорлигига эришиш” деб номланувчи фильм ҳавола этилди.
Тадбир сўнгида эса унинг иштирокчилари айни чоғда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турган ва соат эрталабки 5 бўлишига қарамай учрашувда онлайн тартибида иштирок этиш ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашишга қарор қилган БМТ Ахборот маркази мутахассиси Ўткирбек Тожимов билан мулоқотга киришдилар. Ўткирбек “бедор шаҳар” ҳақидаги тассуротлари, шунингдек, нуфузли олий ўқув юртларидан бири - Колумбия университетида ўтказилган “БМТ Модели”даги иштирокига оид таассуротлари ҳақида гапириб берди.
Ўткирбек Тожимов билан Тошкентда ўтказилаётган “БМТ Модели” ва Нью-Йоркда ўтказилган “БМТ Модели” ўртасидаги фарқ ҳақида фикрлашиш тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш ўйғотди. Ушбу халқаро мулоқот БМТнинг турли мамлакатлардаги фаолияти ўзаро мувофиқлашгани, БМТнинг барча кўнгиллилари ва ходимлари битта мақсад йўлида фаолият юритатёганига ёрқин мисолдир.
“Жума кунлари БМТ билан“ лойиҳаси доирасидаги аввалги учрашувлардан катта фарқ қилди ва иштирокчиларда ажойиб таассурот қолдирди. Демак, “Жума кунлари БМТ билан” лоийҳаси доирасидаги кейинги учрашувлар ҳам янада қизиқарли бўлади.










