BMT va O'zbekiston
Kerakli manbalar
Kuzatib boring

BMT matbuotda

Давлат бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш: Наманган ва Жиззахда жамоат хизматларини кўрсатиш

26 Yanvar 2012

БМТ Тараққиёт дастурининг олдига қўйилган асосий вазифалардан бири бу мамлакатдаги давлат муассасаларининг очиқлиги ва ошкоралигини, самарали фаолият юритишини таъминлашда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак беришдир. Ушбу мақсадларга эришиш мақсадида БМТ Наманган ва Жиззах вилоятларидаги маҳаллий ҳокимият органларига бир қанча “Ягона ойина” ва Ахборот марказларини очишда яқиндан ёрдам берди. Ушбу лойиҳага биноан Наманган ва Жиззах вилоятларининг ҳар бирида биттадан “Ягона ойина” маркази, учтадан Ахборот маркази (LGIC) ташкил этилди. Уларни ташкил этишда БМТнинг Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган “Бошқарув ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси муҳим роль ўйнади. Бу марказлар фуқароларга маҳаллий ҳокимият органлари билан боғлиқ ишларда зарур ахборотни олиш ва хизматлардан фойдаланиш имконини беради. 

 “Ягона ойина” маркази жамоат ишларига ёндошувнинг янгича кўриниши бўлиб, у ўзида жамоат ва ижтимоий хизматларни бирлаштиради ҳамда мижозларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш имкониятини яратади. “Ягона ойина” марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқаролар учун ҳам, давлат учун ҳам бирдек фойдали. Чунки улар хизматлардан кенг фойдаланиш, маъмурий ва операцион харажатларни қисқартириш, маҳаллий ҳокимият органларига ўзларининг асосий вазифаси билан кўпроқ шуғулланиш имконини беради. 

  - “Ягона ойина” марказлари -

 Ўзбекистонда илк “Ягона ойина” марказининг фаолияти 2010 йилда Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида йўлга қўйилганди. Бир жойнинг ўзида турли хизматлардан фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги ушбу марказнинг самарали фаолиятини белгилайди. Бундан ташқари у маҳаллий маъмурият ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳам мустаҳкамлайди. Фойдаланиш жуда қулай ва самарали бўлгани боис Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг ваколатхонасига мурожаат қилиб, 2011 йил сўнгига қадар мамлакатнинг барча минтақаларида шундай марказларни очишни сўради.

 Тажриба тариқасида Жиззах ва Наманган вилоятларида “Ягона ойина” марказлари тармоғининг ривожлантирилиши “Бошқарув ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши ва Сирғали туманидаги “Ягона ойина” маркази ҳамда халқаро миқёсдаги энг яхши намунавий марказлар фаолиятидан келиб чиқадиган ҳулосалар асосида концепциянинг ишлаб чиқилиши натижасидир. “Ягона ойина” марказларини ташкил этишда БМТнинг Тараққиёт дастури фундаментал кўмак берган бўлса, Жиззах ва Наманган вилоятларидаги маҳаллий маъмуриятлар офис биносини тақдим этди ва бу ердаги ускуналарни янгилаб, мебаль жиҳазлари, телефон линиялари билан таъминлади. БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ эса мактабгача ёшдаги болаларни рўйхатга олиш, зарур маълумотларни тақдим этиш, болаларнинг қулай муҳитда ўсиб-улғайиши бўйича тадбирларни ўтказиш юзасидан ёрдам берди. Бунга қўшимча равишда “Ягона ойина” марказларида болалар учун хавфсиз ўйин майдончалари ҳам ташкил этилди.

 Жиззах ва Наманган вилоятларида “Ягона ойина” марказларининг ташкил этилиши маҳаллий жамоат хизматлари фаоилятининг натижаси ҳамда маҳаллий ва халқаро маслаҳатчилар гуруҳи томонидан бошланган ишларнинг давомидир.

   - Маҳаллий ҳокимият органларининг Ахборот марказлари -

 Маҳаллий ҳокимият органларининг фаолияти чуқур таҳлил этилгач, Ахборот марказлари фаолиятини йўлга қўйиш лозим, деган ҳулосага келинди. Ушбу марказлар маҳаллий ҳокимият органларининг имкониятларини ошириш, шу билан бир вақтда фуқаролар томонидан ахборот олишда қўлланиладиган тизим фаолиятини яхшилашда беназирдир. 

 Бу мақсадлар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати учун муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисида илгари сурилган “Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш” концепциясида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Наманган ва Жиззахда ташкил этилган ахборот марказлари бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар натижасидир. Маҳаллий ҳокимият органларининг Ахборот марказлари ҳокимият, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ўртасидаги алоқани таъминлаб, жамият равнақи, аҳоли фаровонлигининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга ғоялар алмашинувини таъминлаш ҳамда жамоат хизматлари фаолиятини яхшилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ахборот марказлари маҳаллий аҳолининг ҳокимликларга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларнинг қўллаб-қувватланишига олиб келади.   

 - БМТ ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан “Ягона ойина” ва маҳаллий ҳокимият органлари Ахборот марказларининг эътироф этилиши -

2011 йилнинг 15 декабрида, яъни Жиззахдаги марказларнинг очилиш маросимида БМТнинг Ўзбекистондаги координатори Анита Нироди  “Ягона ойина” ва маҳаллий ҳокимият органлари Ахборот марказларининг ташкил этилиши юзасидан ўз фикрларини билдирди. “Бугун биз учун ҳамкорлик натижасини нишонлаш катта шараф. Бу йўналишдаги ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи фуқароларнинг жамоат хизматларидан фойдаланишлари ҳамда ўзлари учун зарур бўлган ахборотни олишлари учун қулай шароит яратиш, қолаверса, маҳаллий ҳокимяит органларининг мавқеини мустаҳкамлашдир. “Ягона ойина” марказларининг ташкил этилиши аҳолига жамоат хизматларини кўрсатишда маҳаллий ҳокимиятлар қўлидаги муҳим воситага айланади. Маҳаллий ҳокимият органларини Ахборот марказлари эса фуқаролар ва умуман, кенг жамоатчиликнинг ҳокимиятлар фаоилтяига оид ахборотларни олишига имкн беради”.

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Жако Силлирс Намангандаги “Ягона ойина” ва маҳаллий ҳокимият органлари Ахборот марказларининг очилиш маросимида, яъни 2011 йилнинг 9 декабрида ушуб марказлар фаолиятининг йўлга қўйилишини ижобий баҳолади. “Албатта, ушбу марказларнинг ташкил этилиши бундан-буён ҳам барча манфаатдор томонлар ва ҳамкорлардан саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ўзаро мувофиқлаштиришни талаб этади. Шундагина марказлар кучли, марказлашган ташкилотлар сифатида иш олиб боради ва барча фуқароларга бир хил, сифатли хизмат кўрсата олади. БМТ Тараққиёт дастури кўзланган мақсадларга эришиш йўлида Наманган вилоятидаги ҳокимликлар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр”.    

 - “Ягона ойина” ва маҳаллий ҳокимият органлари Ахборот марказларининг келажаги -

  “Ягона ойина” ва Ахборот марказларини ташкил этишда ҳамкорлик қилган БМТ ҳам, Ўбекистон ҳукумати ҳам ушбу марказлар берилаётган маълумот сифатининг яхшиланиши, маҳаллий аҳолининг жамоат хизматларига бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим роль ўйнайди, деган фикрда. Бу марказларнинг муваффақиятли фаолият юритишини кафолатлаш ва уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида БМТнинг Тараққиёт дастури Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Наманган ва Жиззах вилоятларидаги маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек,  бошқа манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Тажриба лойиҳалари давомида олинган сабоқлардан ҳулоса чиқарилган ҳолда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам “Ягона ойина” ва Ахборот марказларини ташкил этишнинг институциональ механизмини яратишга қарор қилинди.