BMT va O'zbekiston
Kerakli manbalar
Kuzatib boring

BMT matbuotda

Питер Гинзнинг сўнгги парвози. Ёхуд Холокостни хотирлаб

27 Yanvar 2012

Бир-икки соат ичида Холокост мавзусини батафсил очиб беришнинг иложи йўқ. Шу чоққа тарихнинг машъум даврига оид кўплаб мақолалар, китоблар ёзилган, мухокама ва дебатлар ўтказилган. Шу боис биттагина тадбир доирасида уни кўриб чиқиб бўлмайди. Шу боис ҳам БМТнинг Ахборот маркази, Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси ва Маданият маркази “Жума кунлари БМТ билан” учрашувини Холокост қурбонлари хотирасига бағишлашга қарор қилди. Мақсад “Жума кунлари БМТ билан” деб номланувчи лойиҳа доирасида ушбу мавзуда ўтказилган илк учрашувдаги каби Холокост ҳақида ҳар томонлама, мураккаб бир тушунча ҳақида якуний ҳулоса чиқариш эмас, балки тарихнинг бу даврига оид энг муҳим жиҳатларни қамраб олиш ҳамда нима учун биз буни ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз лозимлигини англашда кўмаклашишдир. Тадбир ўзида кўплаб унсурларни, хусусан, қатор ҳурматли меҳмонларнинг чиқишлари, Тошкентдаги яхудий мактабида таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчиларнинг ишларини ўзида жамлайди. Бундан ташқари “Питер Гинзнинг сўнгги парвози” деб номланувчи ҳужжатли фильм намойиш этилади.        

-Овозлар-

 “Жума кунлари БМТ билан” хотира учрашувига ўзларининг истиқболли ғояларини тақдим эта оладиган беш нафар ҳурматли меҳмон таклиф этилди. Аввало тадбирда Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, хусусан, фавқулодда ва мухтор элчи Гилель Ньюман ҳамда элчихонанинг биринчи котиби ва консул, жаноб Феликс Гурвичнинг иштирок этгани эътиборга молик. БМТ Ахборот маркази учун улар билан ҳамкорликда хотира учрашувини ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Тадбир чоғида уларнинг чиқишларини барча бирдек диққат билан тинглади. Айниқса, жаноб Гилель Ньюманнинг нутқи таъсирчан бўлди. Сабаби у Холокостнинг инсоният тараққиётига кўрсатган улкан салбий таъсири, миллионлаб кишиларнинг умрини хазон қилганини жуда яхши таърифлаб берди. Бундан ташқари у нациятлар томонидан Европа ишғол этилган пайтда яхудийлар ва таъқиб этилгна бошқа халқларнинг вакилларини қутқаришда ўз жонини ҳам аямаган кишиларни ҳам ёдга олди. Жаноб элчи, шунингдек, тарихнинг зулмат билан қопланган бу даврида Ўзбекистон хавфсиз бир ҳудуд сифатида жуда катта роль ўйнаганини қайд этди. Чунки Ўзбекистондаги оилалар минглаб қочоқларга бошпана берди ва борини улар билан баҳам кўрди.      

Тадбирда, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси (координатори)  вазифасини бажарувчи Хорхе Иван Эспинал ҳам қатнашиб, БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг  Холокост қурбонларини ёд этиш халқаро куни муносабати билан қилган баёнотини ўқиб эшиттирди. Унда Холокост билан боғлиқ даҳшатли хотиралар минглаб болаларни узоқ  йиллар давомида қийнаб келгани қайд этилган. Тадбирда тўпланган Тошкентдаги яхудий мактабининг ёш ўқувчиларида ушбу сўзлар янгича мазмун касб этди. Маросимда Ўзбекистондаги Яхудий маданият маркази директори Илона Перельман хоним, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Вольфганг Нева ҳам иштирок этиб, хотира шамини ёқдилар. Қурбон бўлганлар хотирасига сукут сақланишининг ўзи минглаб сўзлар ўрнини босди. Овозлар бирдамлиги, хотиралар ва келажакка ишонч, Холокост оқибатлари ва инсоният тарихининг фожеали саҳифасини ҳеч қачон унутмаслик, булар  маросимнинг ўзига ҳос жиҳатларидир. БМТ ходимлари, журналистлар, талабалар ва фахрий меҳмонларнинг барчаси бир оғиз ҳам сўз айтмасдан бошларини эккан ҳолда бир неча дақиқа сукут сақлаши тадбирнинг энг муҳим палласи бўлди – дейиш мумкин.