Ҳаракатлар стратегиясининг долзарб жиҳатлари ва унинг Ўзбекистонда 2030 йилга қадар Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишдаги аҳамияти

2017 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Ушбу Стратегия давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришни, қонун устуворлигини таъминлашни ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни, иқтисодиётни ривожлантиришни ҳамда эркинлаштиришни, ижтимоий соҳани ривожлантиришни, хавфсизликни, миллатлараро тотувликни ва диний бағрикенгликни таъминлашни назарда тутади.
Ҳаракатлар стратегияси ва унинг устувор йўналишлари Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичи учун муҳим аҳамиятга эга, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил сентябрда бўлиб ўтган мажлисида БМТга аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган Барқарор тараққиёт мақсадларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ келади.
2017 йил 27 апрель куни “Radisson Blu” меҳмонхонасида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Ўзбекистонда 2030 йилга қадар Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишдаги аҳамияти” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбати ушбу масалалар муҳокамасига бағишланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирликлар ва идоралар, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги агентликлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек олимлар, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, давлат қурилишини ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифаларни ўз ичига олган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз ва жамиятимизнинг мақсадли барқарор ривожланишини рағбатлантиришни назарда тутувчи яқин беш йилликка мўлжалланган ислоҳотларнинг дебочасига айланди. Давлат ва жамиятни ривожлантириш стратегик истиқболларининг янгича кўринишини ўзида ифодаловчи Стратегия Барқарор тараққиёт мақсадларига ҳам узвий боғлиқ бўлиб, миллий даражада уларга эришишга бевосита ўз ҳиссасини қўшади. Сўзга чиқувчиларнинг нутқларида қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган дастурий тадбирлар барқарор тараққиётнинг 17 та мақсадига эришишга кўмаклашади.
Барқарор тараққиёт мақсадлари 2016-2030 йилларда жаҳонни ривожлантириш доиравий дастурини ўзида ифодалайди ҳамда 17 та мақсад ва 169 та вазифадан иборат. Ушбу мақсад ва вазифалар ҳар бир соҳани ва экологик барқарорликни таъминлаган ҳолда иқтисодий ўсишга ва самарали бошқарувга кўмаклашишни назарда тутади. Мазкур 17 та мақсад Мингйиллик тараққиёт мақсадларига эришишни назарда тутади ҳамда бошқа устуворликлар қаторида иқлим ўзгариши, иқтисодий нотенглик, инновациялар, барқарор ишлаб чиқариш, тинчлик ва адолат каби янги соҳаларни ҳам ўз ичига олади. Давра суҳбатида қайд этилганидек, барча мақсадлар ўзаро бир-бири билан боғлиқ, кўпинча бир мақсадларга эришиш бошқа мақсадларга тааллуқли бўлган масалаларни ҳал қилиш билан боғлиқ.
Давра суҳбатида сўзга чиққан қатнашчилар Барқарор тараққиётнинг глобал мақсадлари қабул қилинган вақтдан бошлаб Ўзбекистон Ҳукумати миллий даражада глобал мақсадларни рўёбга чиқаришга ғоят содиқлигини намоён этганлигига эътиборни тортдилар. 2016 йил февралда Ҳукумат Барқарор тараққиётнинг глобал мақсадларини мамлакатимиз шарт-шароитлари ва устуворликларига мослаштиришга киришди. Бутун 2016 йил мобайнида Барқарор тараққиёт мақсадларига ихтисослашган гуруҳларда тегишли вазирликлар ва идоралар, миллий статистика муассасалари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва таҳлил марказлари орасидан манфаатдор томонларнинг кенг доирасини жалб қилган ҳолда катта қўшма маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Муҳокама чоғида сенаторлар таъкидлаганларидек, Ҳаракатлар стратегиясида давлат қурилишини ислоҳ қилиш соҳасида назарда тутилган энг муҳим вазифалардан бири демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтиришдан иборат. Парламент қонун ижодкорлиги, давлат бюджетини шакллантириш ва парламент назоратини амалга ошириш соҳасидаги ўз функцияларини бажарган ҳолда Барқарор тараққиёт мақсадлари кун тартибини илгари суришда ва унинг муваффақиятини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Шу муносабат билан тадбирда сўзга чиққанлар Барқарор тараққиётнинг миллий мақсадларини тармоқ ва минтақавий ривожланиш дастурларига, ҳаракатлар режаларига ва бюджетларга сингдиришнинг муҳимлигини, шунингдек Ҳаракатлар стратегияси доирасида ижро этувчи ҳокимиятнинг барча даражаларида фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида ўлчанадиган, халқаро таққосланадиган ва натижага йўналтирилган кўрсаткичлардан фойдаланган ҳолда мониторинг ўтказиш тизимини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Бундан ташқари, аҳолининг заиф гуруҳларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни жадаллаштириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Экологик барқарорликни таъминлаш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокама якунлари бўйича 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Барқарор тараққиёт миллий мақсадларини муваффақиятли рўёбга чиқаришга қаратилган тавсиялар қабул қилинди.