Бутунжаҳон тамакига қарши курашиш куни: «Тамаки ва юрак-томир тизимлари касалликлари»

31 май - бутун жаҳон бўйича тамакига қарши кураш куни деб эълон қилинган. Ушбу кун арафасида – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан давра суҳбати ташкил қилинди. Унда Ўзбекистонда тамакига қарши сиёсатни амалга ошириш муаммолари ҳамда уларни ҳал қилишнинг амалий чоралари муҳокама этилди. Бу йилги Бутунжаҳон тамакига қарши кураш кунининг мавзуси: «Тамаки ва юрак-томир тизими касалликлари».
Тамаки истеъмол қилиш юрак ишемик касаллиги, инсульт ва периферик томирлар касалликлари ривожланишининг энг хавфли омилларидан биридир. Дунё бўйича юрак-томир тизими касалликлари туфайли бошқа ҳар қандай сабаблардан кўра кўпроқ одамлар вафот этмоқда, тамаки истеъмол қилиш ва тамаки иккиламчи тутунининг таъсири эса юрак-томир тизими касалликларини келтириб чиқарувчи артериал гипертониядан кейин иккинчи ўринда турувчи хавфли омил ҳисобланади.
Ҳар йили глобал тамаки эпидемияси деярли 7 миллион ўлим ҳолатларига олиб келади, улардан 900 000 дан ортиғи чекмайдиган, лекин иккиламчи тамаки тутуни таъсири остида қолган одамлар орасида юз беради.
ЖССТ мутахассисларининг Ўзбекистонда катталар орасида чекишнинг тарқалганлиги тўғрисидаги охирги кўрсаткичларига асосланган прогнозларига кўра, ҳозирги 2,8 млн. тамаки истеъмол қилувчиларнинг 1,4 млн. (50%) дан ортиғи чекиш билан боғлиқ барвақт ўлим хавфига дучор бўлади, агар тамакига қарши курашиш бўйича янада фаолрок чоралар амалга оширилмаса бу рақам янада ортиши мумкин.
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Лианн Куппенс хоним ўзининг табрик сўзида: “Тамаки истеъмол қилинишига қарши курашиш БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган 2025 йилгача юқумли бўлмаган касалликлардан (ЮБК) барвақт ўлим даражасини 25%га камайтириш Глобал мақсадига эришишнинг биринчи навбатдаги чорасидир”, – деб таъкилади. Бироқ тамаки истеъмол қилинишига қарши қатъий чоралар кўрилмаса, ЖССТнинг Европа ҳудудида тамаки истеъмол қилишни 30%га камайтириш бўйича бошқа ихтиёрий равишдаги глобал мақсадга эришиш мумкинлиги шубҳа туғдиради. ЖССТнинг Тамакига қарши Ҳадли конвенциясини жорий қилишни кучайтириш саломатлик соҳасида барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муваффақиятнинг асосий омилидир, асосий тамойил эса – ҳеч кимни ортда қолдирмаслик!».
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Юсупалиев Баҳодир Қаҳрамонович Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мазкур масалага катта эътибор бераётганлигини айтиб ўтди. Бу 2030 йилгача барқарор ривожланиш миллий мақсадларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасига тўртта муҳим мақсад киритилганлиги билан тасдиқланади: 4та асосий юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлим даражасини учдан бир қисмга камайтириш, мамлакатда тамаки истеъмол қилиниши даражасини 10%га камайтириш, жамоат жойларида 100% тамакисиз муҳитга тўлиқ риоя қилишга эришиш ва ЖССТнинг Тамакига қарши Ҳадли конвенциясини самарали жорий қилиш. У шунингдек, тамакининг аҳоли саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига етказадиган зарарини ҳисобга олиб, Ўзбекистонни тамакидан озод қилиш йўлидаги барча тўсиқларни бартараф қилишда барча секторларнинг, шу жумладан фуқаролик жамияти ва мамлакатнинг ҳар бир алоҳида фуқаросининг кучларини бирлаштириш, муҳим аҳамият касб этишини такидлаб ўтди.
Тамакининг аҳоли саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига етказадиган зарарини ҳисобга олиб, 2011 йилда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «ЖССТнинг тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги Қонуни имзоланган. Шунингдек, Ўзбекистонда аҳоли орасида тамаки истеъмолини камайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда: охирги йилларда тамаки маҳсулотларига солиқлар оширилмоқда, тамаки тутунидан ҳоли муҳит яратиш учун шарт-шароитлар барпо этилмоқда ва назорат қилиш усуллари кучайтирилмоқда, реклама ва маркетингни тақиқлаш бўйича чоралар кучайтирилмоқда, аҳоли ўртасида ахборот-таълим кампаниялари ўтказилмоқда.
Бироқ, бугун бу чоралар етарли эмас. 2015 йил ЖССТнинг Европа ҳудудий бюроси 2015 – 2025 йиллар учун мўлжалланган Европа ҳудудида ЖССТнинг Тамакига қарши Ҳадли конвенциясини жорий қилишни кучайтириш чоралари бўйича Йўл харитасини ишлаб чиқди. Мазкур йўл харитасининг асосий мақсади сифатида қуйидагилар белгиланган: ЖССТнинг Европа ҳудуди тамаки билан боғлиқ касалланиш, ўлим ва тамакига қарамликдан озод ҳудуд – умуман олганда, ҳудудда тамаки - ўтмиш сарқитига айланади.
Бугунги кунда тамакига қарши курашиш бўйича улкан халқаро тажриба тўпланган ва амалий чоралар ишлаб чиқилган. ЖССТнинг “MPOWER” чоралари ЖССТнинг тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига мос бўлиб, ҳукуматлар томонидан тамаки истеъмол қилиниш даражасини камайтириш ва одамларни юрак-томир тизими касалликларидан ҳимоя қилишда фойдаланилиши мумкин. Мазкур чораларга қуйидагилар киради:
* Тамаки истеъмол қилиниши мониторинги (Monitor) ва профилактика чоралари, тамаки саноати фаолияти мониторинги;
* Тамаки тутунидан бутунлай ҳоли жамоат хоналари, иш жойлари ва жамоат транспортини яратиш йўли билан одамларни тамаки тутуни таъсиридан ҳимоя (Protect) қилиш;
* Тамаки истеъмол қилишни тўхтатиш мақсадида ёрдам таклиф (Offer) қилиш;
* Оддий ўрамдан фойдаланган ҳолда ва/ёки барча тамаки ўрамларига тамакининг саломатликка зарарлиги тўғрисида катта ҳарфлар билан ёзилган огоҳлантиришлар жойлаштириш, шунингдек жамоатчиликни тамакини истеъмол қилиш ва иккиламчи тамаки тутунининг зарари ҳақида хабардор қилиш бўйича ОАВда тамакига қарши самарали кампаниялар ўтказиш йўли билан тамаки билан боғлиқ хавф-хатарлар тўғрисида (Warn) огоҳлантириш.
* Тамакининг рекламаси, уни сотишни рағбатлантириш ва ҳомийлик қилиш (Enforce) тақиқларига риоя қилишни таъминлаш;
* Тамаки маҳсулотларига солиқларни ошириш (Raise) ва арзон нархларда сотишни камайтириш.
Бугун 2018 йил 30 майда, мамлакат Ҳукумати номидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда таклиф этилган барча вазирликлар, агентликлар, муассасалар, нодавлат ташкилотлари, халқаро ҳамкорлар, оммавий ахборот воситалари, хусусий сектор вакилларининг кучларини бирлаштириб, ЖССТнинг тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясининг барча йўналишлари бўйича тамаки эпидемиясига қарши самарали курашни амалга ошириш чораларини кучайтиришнинг 2018-2019 йилларга мўлжалланган Миллий йўл харитасини ишлаб чиқишга даъват этади