БМТ ҳақида

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – халқаро ташкилотдир. У 1945 йилнинг 24 октябр кунида бутун инсониятни янги жаҳон урушидан сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирда БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг сони 193. БМТнинг иш фаолияти унинг Уставида белгиланган мақсади ва тамойиллари асосида амалга оширилади.

Глобализация шароитида ривожланаётган дунёда БМТ қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини олиб боради:

Халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш

БМТни ташкил этишдан асосий мақсад халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш эди. Ушбу мақсадга эришиш йўлида БМТ турли тўқнашувларнинг олдини олиш, бири-бири билан тўқнашаётган томонларни яраштириш, тинчликпарвар операцияларни амалга ошириш ҳамда тинчлик-тотувликни сақлаб қолишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Мазкур чора-тадбирлар бири-бирини тўлдириб, бири-бири билан чамбарчас боғланиб кетади. БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни ўрнатишда асосий жавобгар орган бўлиб ҳисобланади. Хавфсизлик Кенгаши, Бош котиб ҳамда бошқа БМТ ташкилотлари мазкур соҳада ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. 

 


Барқарор ривожланиш ва тараққиётни илгари суриш

Ўз фаолиятини бошлашиданоқ, 1945 йилнинг ўзида БМТнинг устувор йўналишларидан бири “иқтисодий, ижтимоий, маданий, ёки гуманитар масалаларни ечишда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини - ирқий, жинсий, тил, ёки диний аломатларга қараб ажратмасдан – ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва илгари суриш мақсадида халқаро ҳамкорликни ўрнатиш”дан иборат бўлган. Барча инсонларнинг фаровонлигини ошириш БМТнинг энг асосий мақсадларидан бири бўлиб келмоқда. Дунё мамлакатларининг ривожланиш ва тараққиёт тўғрисидаги тушунчалари йиллар давомида ўзгариб, ҳозирда мамлакатлар томонидан айнан барқарор ривожланиш ва тараққиёт – яъни юксалиш ва иқтисодий имкониятларни яратувчи, ижтимоий фаровонликни таъминловчи, табиатни асрашга ёрдам берувчи ривожланиш – дунёда яшовчи ҳар бир инсоннинг турмушини яхшилашга мустаҳкам замин яратиши мумкинлиги тўғрисида муҳим бир келишувга эришилди. 



Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

“Инсон ҳуқуқлари” атамаси БМТ Уставининг матнида етти маротаба келтирилгани БМТ фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий тамойилларидан бири инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш эканлигидан далолат беради. 1948 йилда Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси инсон ҳуқуқлари тушунчасини халқаро ҳуқуқ соҳасига киритди. Шундан бери БМТ тегишли ҳуқуқий воситалар ва бир қатор аниқ чора-тадбирлар орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиб келмоқда.

 


Халқаро ҳуқуқ учун замин яратиш

БМТ Уставининг кириш сўзида “адолат ҳамда битим ва бошқа халқаро ҳуқуқ манбаи бўлмиш ҳужжатлардан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг бажарилишини таъминловчи шарт-шароитларни яратиш” деган аниқ бир мақсад белгилаб олинган. БМТ ташкил этилишиданоқ халқаро ҳуқуқни ривожлантириш, такомиллаштириш ва унинг бажарилишини таъминлаш БМТ фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар суд ва трибуналлар томонидан, кўп томонлама битимлар асосида амалга оширилиб келмоқда. Шунингдек, БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши тинчликпарвар миссияларини маъқуллаш, санкцияларни ўрнатиш, халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинаётган ҳолатларда қуролли кучлардан фойдаланиш ҳақидаги қарорларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. БМТга бундай ваколатлар унинг Устави, яъни халқаро битим деб ҳисобланмиш ҳужжат билан берилган. БМТ Уставининг ўзи халқаро ҳуқуқ воситаси бўлиб, БМТга аъзо бўлган барча мамлакатлар уни бажаришга, унга риоя этишга мажбур. БМТ Уставида барча давлатларнинг суверенитети, тенг ҳуқуқлилиги тушунчасидан тортиб то халқаро муносабатларни қуришда куч ишлатмаслик каби халқаро алоқаларнинг асосий тамойиллари аниқ белгилаб олинган. 



Гуманитар ёрдамни етказиб бериш

БМТнинг Уставида белгиланганидек, “иқтисодий, ижтимоий, маданий, ёки гуманитар масалаларни ечишда халқаро ҳамкорликни ўрнатиш” ташкилотнинг асосий мақсадларидан биридир. Бундай гуманитар ёрдам илк бора БМТ томонидан Иккинчи Жаҳон уруши оқибатида ачинарли аҳволга келиб қолган Европа ҳудудида яшовчи халқларга етказиб берилиб, БМТ бутун Европани қайта қуришга катта ҳиссасини қўшди. Одамлар сабаб бўлган фалокат ва табиий офатлар оқибатида азият чекаётган аҳолига гуманитар ёрдамни етказиб бериш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга алоҳида мамлакатнинг бир ўзи ожизлик қилаётган ҳолларда бундай ишлар БМТга топширилади. 


 

БМТ Бош котибининг роли

 

БМТнинг Бош котиби – дипломат, инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси ва ташкилотнинг энг биринчи етакчиси бўлиб, БМТнинг қадриятларини ўзида мужассам эттиради, бутун инсоният номидан, айниқса энг заиф бўлган аҳоли номидан гапириш, инсоният манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатига эгадир. Ҳозирда БМТнинг саккизинчи Бош котиби лавозимини 2007 йилнинг 1 январидан бошлаб Кореялик жаноб Пан Ги Мун эгаллаб келмоқда.
БМТнинг Уставида Бош котиб ташкилотнинг “катта маъмурий ходими” деб таърифланади ва мазкур лавозим эгасига берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қилиб, Хавфсизлик Кенгаши, Бош Ассамблея, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш ва БМТнинг бошқа органлари томонидан “юклатилган бошқа вазифаларни” бажаради. Шунингдек, БМТ Устави Бош котибга “у халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкин деб ҳисоблаган барча масалаларни Хавфсизлик Кенгаши эътиборига ҳавола этиш” ваколатини ҳам берган. Бошқача қилиб айтганда, БМТ Уставида Бош котибга, унинг бошқармасига ниҳоятда кенг кўламдаги ваколатлар берилган. Албатта, БМТ Бош котиби БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг фикрини инобатга олиши кўзда тутилган, бироқ ҳар вазиятда у БМТда жорий этилган қадрият ва тамойилларга риоя этиши Бош котибга қўйиладиган энг асосий талаблардан биридир. Шу сабабдан ҳам Бош котиб баъзан БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг фикрига зид келадиган қарорларни қабул қилишига ҳам тўғри келади.