Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти

I. ФАОнинг миссияси

Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги ҳамкорлик 2001 йилда Ўзбекистон мазкур ташкилотга аъзо бўлиб қўшилганидан бери амалга оширилиб келмоқда. 2014 йилда ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилиши ва шериклик тўғрисидаги янги келишув имзоланиши билан мазкур ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси миқёсида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида кенг кўламдаги чора-тадбирлар, жумладан экинларни диверсификация қилиш, чорвадорлик ва чорва касалликларига қарши кураш, чигирткалар ёпирилишининг олдини олиш, балиқчиликнинг унумдорлигини оширишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Табиий ресурслардан унумли, оқилона ва тежамкорона фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳам жорий ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири.

II.Асосий фаолият йўналишлари

Ҳозирда ФАО томонидан Ўзбекистон Республикасига кўрсатилаётган ёрдам йўналишлари 2014-2017 йилларга мўлжалланган дастурида белгилаб олинган. Улар қуйидагилардан иборат:

• Экинларни диверсификация қилиш ва ишлаб чиқаришни такомиллаштириш орқали ички бозор ва экспорт учун юқори қийматга эга бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш

• Чигиртка ва зараркунандаларга қарши самарали восита ва тизимларни жорий этиш, табиатни муҳофаза этишга ёрдам берувчи қишлоқ хўжалигини ҳаётга тадбиқ қилиш

• Чорвадорлик ва паррандачиликнинг унумдорлигини ошириш, чорва касалликларининг олдини олиш, асаларичиликни ривожлантириш орқали чорванинг брутселлёз ва бошқа юқумли касалликларига қарши кураш

• Миллий балиқчиликни ривожлантириш, унумдорлигини ошириш 

• Табиий ресурсларни унумли бошқариш, ўрмон хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг даромадини оширишга ёрдамлашиш, ер ва сув ресурсларини бошқаришда тажамкорона, такомиллашган технологияларни қўллаш, қурғоқчилик билан боғлиқ бўлган хавфларнинг олдини олиш.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқилган ҳамкорлик дастури Ўзбекистон учун устувор бўлиб ҳисобланган масалаларни ўз ичига олувчи ва ФАОнинг асосий тамойилларига жавоб берувчи стратегик ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Ушбу ҳужжат янги 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган давр учун имзоланган БМТнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш дастури асосида ишлаб чиқилган.

III. Ҳамкорлар

ФАО қуйидаги ҳамкорлари билан биргаликда ишлайди: 

• Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги;

• Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

• Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Гидрометеорология хизмати (Ўзгидромет);

• БМТ агентликларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари; 

• Давлатлараро ташкилотлар;

• Майкл Сукков жамғармаси;

• Икки ва кўп томонлама ҳамкорлик ташкилотлари.

IV. Ташкилот билан қандай боғланиш мумкин?

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси 2, 100140

Тел.:+998 71 260 44 41 

Факс: +99871 260 4312 

e-mail: fao-uz@fao.org 

website: www.fao.org

Юрико Шоджи, ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили