Самарали бошқарув ва қонун устуворлиги

Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда самарали бошқарув, бошқарув тизимини ислоҳ қилиш нақадар муҳим эканлигини англаган ҳолда, ҳамда барча инсонлар учун адлия, суд тизимидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, барча босқичлардаги давлат идораларининг очиқлиги, ошкоралиги ва ҳисобдорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ўртасида қуйидаги натижага эришиш йўлида ҳамкорлик қилишга келишилди:

2020 йилга қадар давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириб, давлат хизматларининг сифатини оширишга, қамровини кенгайтиришга, барча инсонларнинг ҳуқуқ, қонуний манфаатлари ва эркинликларини самарали ҳимояловчи суд тизимини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш.

Мазкур натижага эришиш мақсадида қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишилди:

а) Давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш орқали аниқ факт ва маълумотларга асосланган сиёсат ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқариш тизимини жорий этишга ёрдамлашиш ҳамда барча босқичлардаги давлат идораларининг самарадорлиги, фаолиятининг очиқлиги, ошкоралигини ошириш;

б) Давлат ва хусусий секторлар ўртасидаги шериклик, фуқаролик жамияти, айниқса ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган аҳоли қатламларининг манфаатларини илгари сурувчи фуқаролик жамияти ташкилотлар ва ОАВ билан ҳамкорликни кучайтирган ҳолда уларни тараққиёт жараёни, қонунларни ишлаб чиқариш ва амалга ошириш жараёнларига мунтазам равишда жалб этишни таъминлаш;

в) Барча инсонларни юқори сифатли давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари билан таъминлаш мақсадида “электрон ҳукумат” ва ахборот ва коммуникациялар технологияларини жорий этиш. Бу борада БМТ давлат идоралари фаолияти ҳақидаги маълумотларни ошкора қилиш, улардан фойдаланиш имконларини кенгайтиришга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлаб, ҳукумат қарорларини қабул қилишда кенг жамоатчиликнинг иштирокини янада фаоллаштириш бўйича ишларни олиб боради;

Шунингдек, қуйидаги йўналишларда ҳам кенг кўламдаги ишлар режалаштирилган:

а) Судларнинг мустақиллигини янада ошириш, суд бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, вояга етмаганлар билан боғлиқ суд ишларини кўриб чиқиш бўйича тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш. Бу борада БМТ республика ҳукумати томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, суд бошқаруви тизимини яхшилаш, судларнинг мустақиллигини ошириш, судлардаги тартиб-таомилларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни режалаштирган. Бундан ташқари, болалар, вояга етмаган шахслар билан боғлиқ суд ишларини кўриб чиқиш, булар юзасидан суд қарорини қабул қилиш тартиб-таомилларини яхшилашга алоҳида эътибор берилади.

 

б) Халқаро конвенциялар ва БМТ органлари томонидан жорий этилган битимлар доирасида Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришида уни қўллаб-қувватлаш. Бу борада БМТ ўзининг ҳамкорлари билан биргаликда Ўзбекистонда қабул қилинган қонун ҳужжатларини халқаро битимлар билан уйғунлаштириш, мазкур битим ва миллий қонунчилик ҳужжатларини бажаришга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга интилади. Шу жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича БМТ томонидан тақдим этилган тавсияларини бажаришга қаратилган миллий иш режалари ва “Умумий даврий таҳлил” натижаларига асосланган йўл-йўриқларни бажаришда республикага ёрдам бериш кўзда тутилган.

Ҳабарлар_тематик йўналиш IV