Инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш

Глобализация жараёнлари оқибатида юзага келадиган муаммоларни ечиш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилига асосланган демократик жамият қуриш, фан ва технологияларга асосланган иқтисодиётни қуриш, қолаверса, барқарор тараққиёт йўлига ўтиш учун мамлакатлар инсон салоҳиятини кучайтириши лозим.

Инсоннинг фаровонлиги соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларининг такомиллашганлигига боғлиқдир. Булар бир-бирини кучайтириб турувчи соҳа ҳисобланади, яъни соғлом инсон ўзининг мақсадлар, орзу-умидларига эришишга, саводли, билимли, таълим олган инсон ўз соғлигини асрашга, ўз оиласининг саломатлигини, натижада, бутун мамлакатнинг тараққиётини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишга қобилроқ бўлади.

Соғлиқни сақлаш

Соғлиқни сақлаш хизматларининг сифати ва самарадорлигини ошириш, касалликларни профилактика қилиш, соғлом ҳаёт тарзини илгари суриш, аҳолининг энг заиф қатламларини зарур бўлган хизматлар билан таъминлаш каби масалалар мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор бўлиб ҳисобланади. Мазкур масалалардан келиб чиққан ҳолда, ҳукумат ва БМТ ўртасида қуйидаги натижага эришиш йўлида ҳамкорлик қилишга келишилди:

2020 йилга қадар барча инсонлар бутун умри давомида сифатли, тенг ҳуқуқлилик тамойилига асосланган, очиқ ва ҳамёнбоб тиббий хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўладилар.

Изоҳ:

Сифатли тиббий хизматларга барча туркумдаги тиббий хизматлар, яъни профилактика, касалликларнинг олдини олиш, даволаш кириб, бунда асосий эътибор юқумли ва юқумсиз касалликларга берилади. Бундай тиббий хизматлар инсоннинг бутун умри давомида (болалар, ўсмиринлар, катталарга) кўрсатилиши лозим.

Хизматлардан фойдаланиш имкони тушунчаси Умумий соғлиқни сақлаш тамойиллари билан чамбарчас боғлиқ бўлади.

ЮНДАФнинг мазкур натижаси 3чи Барқарор ривожланиш мақсади, яъни барча ёшдаги инсонларнинг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадига мувофиқдир.

Мазкур натижага эришиш мақсадида БМТ ва ҳукумат қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилади:

а) Инсоннинг бутун умри давомида сифатли тиббий хизматларни таъминлаб, бунда оналар ва болалар саломатлиги, репродуктив саломатлик каби масалаларга алоҳида эътибор бериш. БМТ Ўзбекистон ҳукуматига репродуктив, жинсий саломатлик, оналар соғлигини таъминлаш бўйича хизматларни ишлаб чиқиш, она ва бола саломатлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, она ва болалар орасидаги ўлимни янада қисқартиришга ёрдам беради.

б) ОИВ/ОИТС ва сил каби юқумли касалликларга чалиниш ҳолатларини қисқартириш. Мазкур соҳада БМТ Ўзбекистон ҳукуматига ёшлар ва ОИВ-инфекциясига чалиниш хавфи юқори бўлган аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, турли касалликларнинг олдини олиш, профилактика бўйича хизматларнинг сифатини ошириш, халқаро андозаларга мувофиқлаштиришга ёрдам беради;

в) Юқумсиз касалликларга қарши кураш, бунда қон айланиши тизимини яхшилаш ва саратон касаллигига қарши курашга асосий эътиборни бериш. БМТ тегишли қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, жамоатчилик орасида юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳамда илғор халқаро андоза ва тажрибаларни мамлакатда жорий этиш каби йўналишларда Ўзбекистонга ўз ёрдамини беради.

г) Соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш. БМТ миллий қонунларни аниқ далил ва фактларга асосланган ҳолда ишлаб чиқиш услубини жорий этишда мамлакатга ёрдам бериб, соғлиқни сақлаш тизимини янада самаралироқ бошқариш ва уни молиялаштиришни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга оширади.

Таълим

Таълим олиш ҳуқуқи энг асосий инсон ҳуқуқларидан биридир. Мазкур ҳуқуқ инсон ривожланишини таъминловчи асосий омил ҳамдир. Таълим орқали инсонлар ўзининг турмушини яхшилаш, керакли билим ва тажрибаларни ўрганиш имконига эга бўлади, айниқса ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан заиф бўлган аҳоли қатламлари ўзининг моддий аҳволини яхшилашга эришади.

Мамлакат ҳукумати мактабгача таълим муассасаларига бораётган болалар сонини кўпайтиришга, барча босқичдаги таълим тизимининг сифатини яхшилашга, инсон бутун умри давомида таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга интилишини инобатга олган ҳолда, БМТ ҳукуматга қуйидаги натижага эришишда ўз ёрдамини беришга тайёр:

2020 йилгача барча инсонлар учун юқори сифатли бутун умр давомидаги таълим олиш имконияти таъминланади

Мазкур натижа Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлаштирилган бўлиб, унинг моҳияти барча инсонлар учун бутун умри давомидаги тенг ҳуқуқлилик тамойилига асосланган таълим олиш ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлашдан иборатдир.

ЮНДАФ доирасида Ўзбекистон ҳукумати ва БМТ тизими кейинги беш йиллик давр мобайнида қуйидаги йўналишларда бирга ишлашга келишишди:

а) Мактабгача таълим муассасаларига борадиган болалар сонини кўпайтириш ҳамда катталар учун узлуксиз таълим олиш имкониятларини кенгайтириш (шу жумладан олий таълим соҳасида): эрта болалар таълими ва ривожланиши тизимига бўлган қизиқиш ва талабни ошириш ва бошланғич таълим сифатини яхшилаш мақсадида БМТ “Ривожланиш борасидаги мулоқот” дастури доирасида бир қатор кенг кўламдаги ташаббусларни амалга оширади;

б) Барча инсон учун узлуксиз сифатли таълим олиш ҳуқуқ ва имкониятларини янада яхшилаш: бу борада аниқ тузилмага эга бўлган, гендер масалаларни инобатга олувчи мониторинг ва баҳолаш тизимини яратиш ҳамда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун асосий кўникма, талаб ва стандартларни белгиловчи қоида ва йўл-йўриқларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

в) Таълим соҳасида аниқ факт ва маълумотларга асосланган тартиб-таомилларни жорий этиш, ўқитувчилар учун самарали таълим бериш қоидаларини ишлаб чиқиш мақсадида тегишли маълумотларни йиғиш.

 

Шунингдек, БМТ олий таълим соҳасида гендер тенглиги ғояларини ҳам илгари суриб, барча учун тенг ҳуқуқлиликка асосланган имкониятларни таъминлашга чорлайди. Бунда асосий эътибор расмий ва норасмий таълим даражасини тасдиқлаш тизимини жорий этиш орқали барча учун узлуксиз таълим олиш имкониятларини яхшилаш масалаларига қаратилади.

Ҳабарлар_тематик йўналиш II