Инсон ҳуқуқлари куни (10 декабр)

 

“Тинчликсиз ривожланиш бўлмайди. Ривожланиш бўлмаса тинчлик бўлмайди. Бироқ инсон ҳуқуқлари бўлмаса ривожланиш ҳам, тинчлик ҳам бўлмайди.”

 

БМТ Бош котибининг ўринбосари Ян Элиассон

Умумий маълумот

БМТнинг Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси 1948 йилнинг 10 декабр кунида қабул қилинган. Шундан бери мазкур сана бутун дунё бўйлаб Инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонланиб келмоқда. Мазкур кунда Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси “дунёнинг барча халқлари” учун энг юксак андоза бўлиб хизмат қилиши лозимлиги ғояси илгари сурилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йилда қабул қилинган декларацияси преамбула ва 30 та моддадан иборат бўлиб, унда бутун дунёда яшовчи барча эркак ва аёллар ҳақли бўлган кенг кўламдаги инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари белгилаб берилган.

Мазкур декларация дунёнинг барча минтақалари ва ҳуқуқий анъаналарга риоя этувчи гуруҳларнинг вакиллари томонидан ишлаб чиқилган. Вақт ўтиши билан у мамлакат ҳукуматлари ва фуқаролар ўртасида тузилган шартнома деб ҳисобланадиган бўлиб қолди. Дунёнинг деярли барча давлатлари мазкур декларацияни қабул этган. Декларация асосида барча мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, айниқса ногиронлар, маҳаллий халқ ва ишчи мигрантлар каби аҳолининг заиф гуруҳларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш тизимларини кенгайтириш ва такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Ушбу сана нимага муҳим?

- инсон қадр-қиммати, тенг ҳуқуқлилик – умумбашарий қадрият бўлиб, жаҳондаги озодлик, адолат ва тинчлик тушунчаларининг асосида ётади

- инсон ҳуқуқларига ҳурматсизлик, ушбу ҳуқуқларнинг оёқ ости бўлиши оқибатида инсон виждонига сиғмайдиган мудҳиш жиноятлар содир этилилиши мумкин

- барча халқлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш бутун инсониятнинг ниҳоятда муҳим вазифалардан биридир

Мазкур санани БМТ қай тарзда нишонлайди?

Мазкур кун бутун дунё, минтақа ва алоҳида мамлакатлар миқёсида нишонланади. Ушбу санани нишонлашдан асосий мақсад инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ютуқлар, мавжуд бўлган муаммоларга жамоатчиликнинг, мазкур соҳада тегишли қарор қабул қилувчи мансабдор шахсларнинг эътиборини жалб этишдир.

Инсон ҳуқуқларига тааллуқли бўлган муайян масалаларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида мазкур сана ҳар йили маълум бир шиор остида нишонланади. Масалан, 2014 йилнинг шиори “Инсон ҳуқуқлари 365” бўлиб, унинг маъноси ҳар куни Инсон ҳуқуқлари куни бўлиши лозимлигини англатади.

Бундан ташқари, ҳар йили инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасига ўз ҳиссасини қўшган, инсон ҳуқуқлари йўлида саъй-ҳаракат қилиб келаётган шахсларга БМТнинг махсус Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги соврини тақдим этилади. Мазкур соврин шахсан БМТ Бош котиби томонидан Бош Ассамблея йиғилишида топширилади.

Ушбу совринни тақдим этиш орқали БМТ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ҳаракат қилиб юрган фаолларни тақдирлаб, инсон ҳуқуқларини янада кенгроқ кўламда илгари сурилишига кучли туртки беради. Қолаверса, мазкур совриннинг яна бир рамзий маъноси ҳар куни бошқа инсонларнинг ҳуқуқини ҳимоялаш йўлида ўзини хавф остига қўйиб, керак бўлса бутун ҳаётини қурбон қилишга тайёр бўлган, баъзан ҳаттоки исмлари ҳеч кимга маълум бўлмаган фаолларни қўллаш, илҳомлантириш ва шу йўлда жон берган инсонларнинг руҳини шод этишдан иборатдир.

БМТ Бош котибининг ИҲК муносабати билан йўллаган мурожаати

Инсон ҳуқуқлари Ўзбекистонда