Халқаро меҳнат ташкилоти

I. ХМТнинг миссияси

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ижтимоий адолат, халқаро миқёсда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси жамиятнинг юксалиши учун энг муҳим омиллардан бўлмиш меҳнат ва бандлик соҳасидаги тинчликка эришиш, уни сақлаб туришдан иборатдир.

Бугунги кунда ХМТ барча инсонлар учун муносиб меҳнат шароитларининг таъминланиши, ишчи ва тадбиркорлар фаолиятининг унумдорлигини ошириш йўлида саъй-ҳаракат қилиб, бутун жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Инсонларнинг иш жойидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, муносиб иш топиш, бандлик билан таъминланиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва меҳнат масалалари борасидаги мулоқотни янада жадаллаштириш ташкилотнинг асосий мақсадларидир.

ХМТ Ўзбекистонда 2005 йилдан 2008 йилгача бўлган давр мобайнида i) болалар меҳнати билан боғлиқ масалалар тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш, мазкур соҳада мавжуд бўлган муаммоларни ечишда давлат ва нодавлат ташкилотларининг тажрибаси, кўникмалари ва салоҳиятини оширишга ii) болалар меҳнати соҳасида мавжуд бўлган муаммоларни ёшларнинг таълим имкониятлари ва иш билан таъминлаш соҳаларида мавжуд бўлган муаммолар билан бирга ечишга ҳамда iii) тегишли ташкилотлар томонидан мазкур соҳада халқаро миқёсда қабул қилинган илғор тажрибаларнинг жорий этилишини таъминлашга қаратилган кенг кўламдаги дастур амалга оширилди.

2011 йилдан 2013 йилгача бўлган давр мобайнида ХМТ Ўзбекистонда бутун мамлакат ва алоҳида корхоналар миқёсида меҳнат хавфсизлиги ва ишчилар саломатлигини таъминлаш тизимининг жорий этилишига ижтимоий мулоқот ўрнатиш орқали ўз ҳиссасини қўшди.

2014 йилда Ўзбекистон ҳукумати, ижтимоий ҳамкорлар ва ХМТ томонидан 2014 йилдан 2016 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Ўзбекистонда муносиб меҳнат шароитларини яратиш дастури имзоланди.

II. Асосий фаолият йўналишлари

Ўзбекистонда ижтимоий шерикликни такомиллаштириб, асосий меҳнат тамойиллари ва ҳуқуқларининг бажарилишини таъминлаш

Муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш дастурининг мазкур компоненти (i) халқаро ва миллий меҳнат андозаларини ҳаётга тадбиқ этишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқиб, амалга ошириш, (ii) ХМТнинг болалар меҳнати тўғрисидаги 138 ва 182-конвенцияларини қўллашни назарда тутувчи Миллий ҳаракат дастурини амалга ошириш борасидаги тегишли мутасадди ташкилот, вазирлик ва идораларнинг салоҳиятини ошириш, (iii) қишлоқ хўжалиги соҳасида, шу жумладан пахтачилик саноатидаги меҳнат шароитларини асосий халқаро андозаларга яқинлаштириш, мослаш ҳамда (iv) меҳнат ҳуқуқи ва тамойиллари бажарилишини таъминлаш борасида касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг тегишли кўникмалари, тажрибаларини ошириш, ҳамда уч томонлама ижтимоий мулоқот тузишда барча мутасадди ташкилотларнинг салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламдаги чора-тадбирларни ўз ичига олади. 

Муносиб иш билан таъминланиш имкониятларини кенгайтириш 

ХМТ Ўзбекистонда меҳнат бозори ҳамда аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича қатор ташкилотларни такомиллаштиришга қаратилган турли ташаббусларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур ташаббуслар (i) меҳнат бозорига, аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлашга тааллуқли дастурларни ишлаб чиқиш ва (ii) меҳнат бозорларини такомиллаштириш, жумладан меҳнат бозори инфратузилмаси, ахборот тизимини, ҳамда Давлат бандлик хизматини такомиллаштириш каби масалаларни ўз ичига олади.

Иш шароитларини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоялаш

Муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш дастури ХМТнинг учта асосий йўналишлари, яъни: (i) ишдаги хавфсизлик ва ишчиларнинг саломатлигини таъминлаш, (ii) ижтимоий ҳимоянинг минимал талаблари ва (iii) муносиб маош компонентларини ўз ичига олади. Ишдаги хавфсизлик ва ишчиларнинг саломатлигини таъминлаш компоненти доирасида ХМТ Ўзбекистон Ҳукумати ва ижтимоий ҳамкорларига мамлакатнинг мазкур соҳадаги ҳуқуқий-меъёрий базасини таҳлил қилишга ёрдам бериб, тегишли ислоҳотлар борасидаги тавсияларини беради. Ижтимоий тизимни кенгайтириш ва такомиллаштириш борасида ХМТ ўзининг уч томонлама ҳамкорларига ХМТнинг Ижтимоий ҳимоянинг минимал талаблари борасидаги тавсиясини (R. 202) амалга ошириш бўйича тегишли “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишда ёрдам бериши кўзда тутилган. Маош даражасини ошириш борасида муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш дастури доирасида мамлакатда мавжуд бўлган маош бўйича муҳокамалар ва уч томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш механизмларини таҳлил қилиб, уч томонлама ҳамкорларга энг кам маош андозаларини ўрнатиш борасида мулоқот ўрнатиш бўйича ўз тавсияларини ишлаб чиқади.

III. Ташкилот билан қандай боғланиш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри, Маҳмуд Таробий кўчаси 14, 100090

Тел.: +998 (71) 120-56-97; Факс: +998 (71) 120-56-93

E-mail: hausen@ilo.org Website: www.ilo.org

Антон Ҳаузен, ХМТнинг Ўзбекистондаги бош маслаҳатчиси