Халқаро Ногиронлар куни (3 декабр)

“Ногиронлар жамиятимиз ривожланишида муҳим ўрин эгаллайдилар, улар жамиятимиз ҳаётида янада фаолроқ иштирок этишига тўсиқлик қилаётган омилларни четлаштираолсак, улар жамиятимизнинг юксалишига янада кўпроқ ҳисса қўша олишига имкон яратган бўламиз. Бутун дунёда бир миллиарддан ортиқ ногирон яшаётганини инобатга олсак, мазкур вазифа қанчалик долзарблигини англаймиз.”

 

БМТнинг Бош котиби Пан Ги Мун

Умумий маълумот

БМТнинг Халқаро Ногиронлар куни ҳар йили 3 декабрда нишонланиб, бутун дунё бўйлаб ногиронларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбирлар ўтказилади.

Дунё аҳолисининг “энг катта озчилигини” ташкил этувчи ногирон кишилар, одатда, ногирон бўлмаган кишилардан фарқли ўлароқ, соғлиги сустроқ, таълим соҳасидаги ютуқлари камроқ, иқтисодий имкониятлари чекланган ва моддий шароити ҳам ёмонроқ бўлади. Бунинг сабаби улар учун яратилган қулайликларнинг (масалан, ахборот технологиялари, суд тизими, транспорт воситаларининг) етишмовчилигидир. Бундай етишмовчилик уларнинг ҳар кунлик ҳаётида кўплаб тўсиқларни туғдиради. Ушбу тўсиқлар турлича бўлиши мумкин – ногиронлар яшаётган жисмоний муҳитдан тортиб, мамлакатда жорий этилган қонунлар, тартиб-таомиллар, ёки жамиятнинг ногиронларга нисбатан муносабати, уларнинг камситилиши ва ҳоказо.

Халқаро Ногиронлар куни 1992 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг 47/3 рақамли қарорига биноан нишонлана бошлади. Мазкур кунни нишонлашдан асосий мақсад жамиятни ногиронлар дуч келаётган муаммоларни янада яхшироқ тушунишга, ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқларини ҳимоялаш, турмуш шароитларини яхшилашга чақиришдан иборат. Шунингдек, мазкур сана ногиронлар жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида янада фаолроқ иштирок этиши бутун жамиятимизнинг юксалишига ижобий таъсир кўрсатишини англаб олишга ёрдам беради.

Ушбу сана нимага муҳим?

- Бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайан бир турдаги ногиронлик мавжуд

- Барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади

- Ногирон бўлмаган болалардан фарқли ўлароқ, ногирон болалар ўз ҳаёти давомида зўровонлик қурбонига айланиши эҳтимоли тўрт баробар кўпроқдир

- Ногирон бўлмаган катта ёшдаги инсонлардан фарқли ўлароқ, катта ёшдаги ногиронлар ўз ҳаёти давомида зўровонлик қурбонига айланиши эҳтимоли бир ярим баробар кўпроқдир

- Катта ёшдаги ақли заиф инсонлар ўз ҳаёти давомида зўровонлик қурбонига айланиши эҳтимоли қарийб тўрт баробар кўпроқдир

- Мазкур сананинг нишонланишида барча томонлар, хусусан ҳукумат, БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, ногиронлар уюшмалари қатнашиб, ногиронларнинг жамиятимиздаги иштирокини янада фаолроқ этиш билан боғлиқ барча масалалар ёритилади ҳамда ногирон инсонлар турли дастур ва лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари кенгаяди

- Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсадлардан бири бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Ушбу санани БМТ қай тарзда нишонлайди?

Халқаро Ногиронлар кунини нишонлашда таълим муассасалари, турли ташкилотлар, бутун жамоатчилик иштирокида кенг кўламдаги тадбирлар ўтказилади.

 

Мазкур кунда БМТ ташаббуси билан ногиронлар иштирокида рассомлик ва мусиқа соҳаларидаги танловлар, кўргазмалар, конференция ва семинарлар ташкиллаштирилади. 

БМТ Бош котибининг ҲНК муносабати билан йўллаган мурожаати

Халқаро ногиронлар куни