Халқаро ёшлар куни (12 август)

“Ушбу тарихий аҳамиятга эга бўлган йилда дунё мамлакатлари етакчилари барқарор тараққиёт дастурини белгилаб олишга тайёргарлик кўраётган экан, мазкур саъй-ҳаракатларга ёшларнинг жалб этилиши ниҳоятда муҳимдир. Мазкур тарихий кунда мен барча ёшларни ҳаммамиз учун зарур бўлган тараққиёт йўлига чорлайман".                                                                                                         БМТ Бош котиби Пан Ги Мун

Умумий маълумот

1985 йилда БМТ илк бора Халқаро ёшлар кунини нишонлади. Ўзининг ўн йиллик фаолиятини нишонлаш муносабати билан БМТнинг Бош Ассамблеяси бутун дунёда ёшларнинг шароитини, турмушини яхшилашга қаратилган Умумжаҳон ёшлар дастурини жорий этди.

Бош Ассамблея томонидан жорий этилган дастурда асосан таълим, бандликни таъминлаш, қашшоқлик ва очлик билан кураш, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, гиёҳвандликка қарши кураш, вояга етмаган шахслар орасидаги жиноятчиликка қарши кураш, соғломлаштириш ва кўнгилочар тадбирлар, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари, глобализация, ахборот ва алоқа технологиялари, ОИТС/ОИВга қарши кураш, ёшлар ва қуролли тўқнашувлар ҳамда авлодлараро муносабатлар каби масалалар қамраб олинган.

Ҳозирги кунда Умумжаҳон ёшлар дастурининг ёшларнинг ривожланиши, комилликка етишидаги ўрни ниҳоятда каттадир. Дастур ёшлар билан боғлиқ турли масалаларни ечишда дунё мамлакатларининг салоҳиятини ошириш ҳамда ёшлар жамият ҳаётида тўлақонли ва фаол иштирок этиши учун кенг кўламдаги имконият ва шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олади.

БМТнинг ёшлар дастури бошқармаси БМТнинг ёшлар масалалари бўйича асосий органи бўлиб хизмат қилади. Мазкур дастур доирасида БМТ давлатлараро масалаларда муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш, тадқиқот олиб бориш, ёшлар орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби кенг кўламдаги ишларни амалга оширади.

1999 йилнинг 17 декабр кунида БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг 54/120 рақамли қарори билан Халқаро ёшлар масаласи билан шуғулланувчи вазирлар конференциясида (Лиссабон, 1998 йил 8-12 август) таклиф этилган тавсиясини, яъни 12 август кунини Халқаро ёшлар куни деб эълон қилинишини қабул этди.

Ушбу сана нимага муҳим?

- ёшлар дунё аҳолисининг 24,6% ташкил этади

- ёшлар, уларнинг етакчилик, ижодий салоҳияти, куч-қудрати ва жўшқинлиги дунё жамиятининг доимий ривожланиши, тараққий этиши учун ўта муҳимдир

Ушбу санани БМТ қай тарзда нишонлайди?

Мазкур кунда бутун дунё бўйлаб ёшлар, уларнинг жамият ривожланишидаги тутган ўрни ҳақидаги тушунчаларни кенг тарқатишга қаратилган бир қатор кенг кўламдаги тадбирлар ташкиллаштирилади. Ушбу тадбирлар турли мавзулардаги конференцияларни ўтказишдан тортиб, катта миқёсдаги концертларни ташкил этиш каби ишлардан иборат.

2015 йилда нишонланаётган Халқаро Ёшлар кунининг мавзуси “Ёшларнинг фуқаролик жамият ҳаётидаги иштироки” деб номланади. Инсон тараққиёти концепциясини тўлиқ амалга ошириш учун ёшларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Шунга қарамасдан, кўп ҳолатларда ёшлар жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этиши учун яратилган имкониятлар ниҳоятда камдир, баъзида эса бундай имкониятлар умуман мавжуд эмас.

Кейинги йилларда бир қатор мамлакатларда ҳукумат миқёсида, БМТ агентликлари, минтақавий ва кўп томонлама ташкилотлар, фуқаролик жамият институтлари, ёшлар ташкилотлари ва тадқиқот институтлари томонидан ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, махсус миллий дастурлар амалга оширилиши йўлга қўйилмоқда. Халқаро Ёшлар кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш доирасида мазкур соҳага жавобгар бўлган Ёшлар масалалари бўйича идоралараро тармоқ, хусусан мазкур тармоқни бошқарувчи Иқтисодий ва ижтимоий ишлар бўйича департамент ва БМТТД томонидан махсус онлайн ташаббус амалга оширилди.

 

 

 

БМТ Бош котибининг ҲЁК муносабати билан йўллаган мурожаати

ХЁК Ўзбекистонда