Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

Ўзбекистоннинг иқлими ва географик жойлашуви, қолаверса, унинг ноёб экотизимлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мамлакат сиёсатининг пировард йўналишларидан бири деб белгиланишини тақозо этади. Ўзбекистонда охирги йилларда кузатилаётган иқтисодий ўсишни инобатга олганда мамлакатда табиатни муҳофаза қилиш ва иқтисодий ривожланишга қаратилган чора-тадбирлар ўртасида мувоззанат ўрнатиш масаласи долзарбдир. Кейинги йилларда мамлакат ҳукумати энергия самарадорлиги ва барқарор, экология нуқтаи назаридан зарарсиз бўлган тараққиёт йўлини танлаб, мамлакат халқи иқлим ўзгаришига мослашишига, табиий офатларга тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган кенг кўламдаги чора-тадбирларни режалаштирган. Қолаверса, чекланган табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжнинг тобора ошиб бориши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилиши, бунда инсон ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиш, айниқса қишлоқ ҳудудларида яшовчи аҳолининг инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ниҳоятда катта аҳамият касб этади.

Бундай масалалар Барқарор ривожланиш мақсадлари билан қамраб олинган бўлиб, мазкур мақсадларга эришиш учун барча аҳоли сув ресурсларидан фойдалана билишини, бу ресурсларнинг оқилона бошқарилиши, тегишли санитария шартларга риоя қилинишини таъминлаш, барча учун барқарор ва замонавий энергия манбаларини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши тезкор чораларни кўриш, шаҳар ва аҳоли яшайдиган ҳудудларни инсон турмуши, муносиб ҳаёти учун яроқли ва қулай, хавфсиз бўлишини таъминлаш, ер экотизимларини, ўрмонларни қайта тиклаб, уларни оқилона бошқариш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг таназзулга учрашининг олдини олиш, биологик хилма-хилликнинг йўқотилишини тўхтатиш каби масалаларга асосий эътиборни қаратиш талаб қилинади.

Юқоридаги масалаларни ечишда ўз кучларини бирлаштиришга келишган Ўзбекистон ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тизими икки томонлама имзоланган ЮНДАФ 2016-2020 доирасида қуйидаги натижага эришишни мақсад қилиб белгилашди:

2020 йилга қадар қишлоқ аҳолиси табиий ресурсларни самарали ва оқилона бошқариш ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш имкониятларига эга бўлади;

Юқоридаги натижага эришишда БМТ ва ҳукумат қуйидаги йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишган:

а) Барқарор ривожланиш тамойилини миллий қонунчилик ва сиёсат билан уйғунлаштириб, барқарор тараққиётни таъминлашда аниқ факт ва далилларга асосланган сиёсат чораларини ишлаб чиқиш;

б) Сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириб, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши ҳамда озуқавий хавфсизликни таъминлаш. Бунда асосий эътибор барча поғонадаги идора ва ташкилотларнинг салоҳиятини ошириш орқали қишлоқ хўжалигининг ишлаб чиқариш тизимини янада такомиллаштириш, унумдорлиги, даромадлилигини ошириш, иқлим ўзгариши билан кураш, гендер тенглигини таъминлаш каби масалаларга қаратилади;

в) Иқлим ўзгаришига мослашиш, иқлим ўзгаришининг оқибатида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш, табиий офатларнинг хавфини камайтириш. БМТ ўз фаолияти доирасида мамлакат аҳолиси турли табиий талофатларга тайёр бўлишлигини таъминлашга интилади. Шу мақсадда БМТ ёрдамида мамлакатнинг қишлоқ ва шаҳарларида кенг кўламдаги амалий машғулотлар ўтказилиб, бунда асосий эътибор табиий офатларнинг юзага келиши хавфи юқори бўлган ҳудудларга қаратилади;

г) Энергия самарадорлигини янада ошириш, барча фуқароларни энергиядан фойдаланиш имкониятлари билан таъминлаш. Ҳукумат ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик доирасида барча соҳаларда энергиядан оқилона ва тежамкорона фойдаланишни амалга тадбиқ қилиш асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Бунда янгиланувчи, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, айниқса уй-жой қурилиш ва шаҳар ҳудудларини ривожлантириш каби соҳаларда янгиланувчи энергия манбаларини жорий этишга алоҳида эътибор берилади;

д) Биологик хилма-хилликни сақлаш. Мазкур йўналишда БМТ ўз ҳамкорларига тегишли қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, кўргазма ҳудудларини ташкил қилиш, яйлов ва ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш тизимини жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, қўриқланувчи табиий ҳудудларни кенгайтириш ва биохилма-хилликни асраш каби масалаларни ечишда ўз ёрдамини беради.

Шунингдек, БМТ тизими табиатни асраш борасидаги анъанавий билимлар, одат ва расм-русмлар, маданий бойликларни сақлаб қолишга интилади.

Ҳабарлар_тематик йўналиш III