Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича қўшма дастури (ЮНEЙДС)

 

I. ЮНЕЙДС миссияси 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича қўшма дастурининг (ЮНEЙДСнинг) асосий мақсади барча инсонлар ОИВнинг олдини олиш ва даволаш бўйича керакли хизматлардан фойдалана олишини таъминлашдан иборат. ЮНEЙДС Котибияти мазкур дастурни 80дан ортиқ мамлакатларда амалга ошириб келмоқда.

ЮНEЙДС ўзининг Ўзбекистондаги фаолияти доирасида мамлакатда ўз ваколатхоналарига эга бўлган саккизта БМТ агентликларининг ОИВ эпидемиясининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, йўналтириб келмоқда. ЮНEЙДСнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ОИВга чалинганларнинг сони ошмаслиги, ОИВ билан яшовчи барча инсонлар керакли тиббий ёрдам олиши, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминловчи муҳит яратишга интилади.

II. Асосий фаолият йўналишлари

Барча инсонлар ОИВ профилактикаси ва даволаниши бўйича керакли ёрдамдан фойдалана олишини таъминлаш

ЮНEЙДСнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўз олдига қўйган асосий мақсадлардан бири ОИВ эпидемиясининг олдини олишда ҳукуматга яқиндан ёрдам беришдир. Ушбу мақсадга эришиш учун мамлакатда яшовчи барча инсон ОИВ профилактикаси ва даволаниши бўйича керакли ёрдамдан фойдалана олишини таъминлаш даркор. 2014 йилда ЮНEЙДС ОИТС эпидемиясини 2030 йилга келиб буткул йўқ қилиш стратегиясини ишлаб чиқди. Ўзбекистондаги фаолияти доирасида эса ЮНEЙДС кейинги беш йил давомида (2015-2020) “90-90-90” кўрсаткичи, яъни мамлакат аҳолисининг 90% ўзининг ОИВ мақомини билиши, ўзининг ОИВ мақоми ижобий эканлигини билувчи аҳолининг 90% керакли тиббий ёрдам олиши ва керакли тиббий ёрдам олаётган аҳолининг 90% да вирус сусайгани кузатилишига эришиш назарда тутилган.  

Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, тамға ва камситишларга йўл қўймаслик

Барча инсонлар керакли бўлган тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини таъминлаш учун тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий адолат, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларига ғамхўрлик қилиш, тамға ва камситилишларга йўл қўймаслик зарур. ЮНEЙДС Ўзбекистонда ОИВга қарши кураши доирасида ҳеч бир инсон керакли ёрдамдан четта қолиб кетмаслигини таъминлашга интилади. ЮНEЙДС барча ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича давлат дастурлари инсон ҳуқуқларига ҳурмат, ОИВнинг олдини олиш, уни даволашда тенг ҳуқуқлилик, ОИВга чалиниш хавфи юқори бўлган аҳоли гуруҳларига асосий эътиборни қаратиш, тегишли қарорларни қабул қилишда мақсадли гуруҳларнинг иштирокини таъминлаш каби тамойилларга асосланишини талаб қилади.

2014 йилда ЮНEЙДСнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ОИВга чалинган инсонларнинг камситилишига қарши кенг кўламдаги дастурини бошлаб юборди. Мазкур дастур доирасида ЮНEЙДС бир қатор ҳамкорлари билан биргаликда аҳоли орасида – айниқса ёшлар орасида – ОИВ профилактикаси ва даволаниши тўғрисида тушунтириш ишларини, соғлом ва юксак маданиятли жамиятда ҳеч бир ОИВга чалинган инсон камситилмаслиги лозимлиги тўғрисида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради. Мазкур дастур ОИТС батамом йўқ қилиш мақсадига эришиш учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Ушбу дастур доирасида, шунингдек, ОИВга чалинган болалар ва ўспиринларни қўллаб-қувватлаш учун керак бўлган маблағларни жалб этиш мақсадида онлайн тарзида ўтказиладиган “#ZeroDiscrimination” деб номланган фото танловлар, викториналар, кўргазмалар эълон этилган. Қолаверса, мазкур дастур ЮНEЙДС ва унинг ҳамкорлари томонидан амалга оширилаётган барча ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича лойиҳаларининг ажралмас бир қисмига айланган бўлиб, унда ОИВга чалинган инсонларга нисбатан барча тамға ва камситилишларни бартараф этиш кўзда тутилади.  

Ҳамкорликни мустаҳкамлаб, миллий ташкилотларнинг салоҳиятини ошириш

ЮНEЙДС ОИВга қарши кураш йўлида турли соҳаларда фаолият юритаётган идора ва ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатишга интилади. ЮНEЙДС ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича БМТнинг Қўшма жамоаси, Ҳамкролик форуми каби бир қатор маълумот алмашинуви платформа ва тизимларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шунингдек, ЮНEЙДС ОИВга қарши кураш дастурларига ОИВ билан яшовчи кишиларни жалб этиб, тегишли ташаббус гуруҳларининг салоҳиятини ошириш мақсадида бир қатор ташкилот ва идоралар билан бирга кенг кўламдаги ишларни олиб боради. Молиявий ресурсларни жалб этиш мақсадида ЮНEЙДС Миллий экспертлар кенгаши котибиати билан биргаликда барча тегишли ташкилотлар билан яқин шериклик муносабатларини ўрнатишга муваффақ бўлмоқда.

ЮНEЙДСнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан мамлакатда ОИВни даволаш, профилактика қилиш борасидаги халқаро стандартларни жорий этишда ўз ёрдамини бериб келмоқда. Хусусан, ОИВ, сил ва жинсий йўл орқали юқадиган инфекцияларнинг профилактикаси бўйича Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг йўл-йўриқларини маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда ва халқаро андозалар асосида бажаришда ЮНEЙДС кенг кўламдаги ишларни олиб боради. Ўзбекистонда ОИВ билан яшовчи инсонларнинг даволанишини ва антиретровирус дори-дармонларини харид қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ЮНEЙДС Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошчилигида ОИВнинг дори-дармонга резистентлигини мониторинг қилиш тизимини жорий этишга ёрдам бериб келмоқда. Бундан ташқари, ЮНEЙДС Республика ОИТСга қарши кураш марказига ОИВга чалиниш билан боғлиқ энг охирги ҳолатларини аниқлашда ўз ёрдамини бериб келади. Мазкур йўналиш ОИВ эпидемиясига қарши кураш нуқтаи назаридан энг муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланади. Қолаверса, ЮНEЙДС Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тегишли мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган бир қатор ўқув машғулотларини ўтказиб боради ҳамда ОИВ, жинсий йўл орқали юқадиган инфекцияларнинг олдини олиш, уларни даволаш ҳамда гепатитни аниқлаш бўйича махсус лаборатория ускуна ва жиҳозларини харид қилишда ёрдам бериб келади.

Ички ва ташқи ресурсларни жалб қилиш

ОИВга қарши кураш йўлида ЮНEЙДС зарур бўлган ресурсларни жалб қилиш борасида ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 2013 йилдан бери ЮНEЙДС Россия Федерацияси томонидан молиялаштириладиган “Шарқий Европа ва Марказий Осиёда ОИВ/ОИТС ва бошқа юқумли касалликларнинг олдини олиш, уларни назорат қилиш ва эпидемиология кузатувини олиб бориш” дастурини амалга оширишда ўз ёрдамини бериб келади. Мазкур дастурнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат: а) аҳоли орасида, айниқса аҳолининг заиф қатламлари вакиллари орасида ОИВ/ОИТС, жинсий йўл орқали юқадиган касалликлар, вирусли гепатит эпидемиология назорати тизимини такомиллаштириш ва б) аёллар ва болалар орасида ОИВ/ОИТС, жинсий йўл орқали юқадиган касалликлар, вирусли гепатитни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш.

ЮНEЙДС бир қатор соҳаларга ОИВга қарши кураш тамойилларини киритишга интилади. Шу мақсадда ЮНEЙДС янги ЮНДАФга ОИВга қарши кураш масалаларини киритишга муваффақ бўлиб, ички ресурсларни жалб қилиш борасида халқаро экспертларнинг маслаҳатини олди. 

Маълумот ва ахборот тарқатиш

ЮНEЙДС ўзининг миллий ҳамкорлари ОИВ масалалари билан боғлиқ бўлган энг янги маълумот ва ахборотга эга бўлишини таъминлайди. Мазкур соҳадаги энг охирги янгиликлар, янги технологиялар, илмий кашфиётлар, ижодий ижтимоий лойиҳалар, стигматизацияни камайтиришга қаратилган тадбирлар ҳақидаги маълумот ва ахборотларни тарқатади. Бундай маълумотлар икки ойда бир чоп этиладиган “HIV Brief” ва ЮНEЙДСнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Фейсбук саҳифаси орқали оммага тақдим этилади.

III. Ташкилот билан қандай боғланиш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони кўчаси 75, 100000

Тел.: +998 (71) 120-30-82/83/84; Факс: +998 (71) 120-30-84

E-mail: uzbekistan@unaids.org; Website: www.unaids.org