Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Кўнгиллилар дастури (БМТК)

 

I. БМТК миссияси

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Кўнгиллилар дастури (БМТК) волонтёрлик ҳаракати доирасида бутун дунёда тинчликни ўрнатиш ва ривожланишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида яратилган дастурдир. БМТК ўзининг ҳамкорлари билан бирга бутун дунё бўйлаб кўнгиллиларни бирлаштириб, кенг кўламдаги лойиҳа ва дастурларда қатнашиши учун йўл очиб бериш орқали жаҳонда кўнгиллилик ҳаракатини қўллаб-қувватлайди. БМТК волонтёрлик, кўнгиллилик ҳаракатига хос бўлган содиқлик, фаоллик, ҳамфикрлилик ва жонкуярлик каби қадриятлар байроғи остида ўз фаолиятини юритади. Бутун дунёда кўнгиллиларнинг саъй-ҳаракати натижасида ҳукуматларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва халқ олдидаги ҳисобдорлиги ошмоқда. БМТКнинг бош идораси Германиянинг Бонн шаҳрида жойлашган бўлиб, мазкур дастур қарийб 130 та мамлакатда ўзининг кенг кўламли фаолиятини олиб бормоқда. Дастур 80та мамлакатда ўзининг ҳудудий ваколатхоналарига эга. БМТК БМТнинг Тараққиёт дастурига (БМТ ТДга) қарашли бўлиб, ўз фаолияти юзасидан БМТ ТДнинг Бошқарув кенгашига ҳисобот беради.

II. БМТКнинг асосий фаолият йўналишлари

БМТК ўзининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини 1993 йилда, яъни Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан кейин кўп ўтмай очди. Шундан бери БМТК бошқа БМТ агентликлари, давлат идоралари ҳамда фуқаролик жамият ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиб, кенг кўламдаги ишларни амалга ошириб келяпти.

 БМТК Ўзбекистонда турли лойиҳа ва дастурларга кўнгиллилик ғояларини сингдиришга муваффақ бўлди. Айниқса мамлакатнинг қишлоқ ҳудудларида кўнгиллилик ҳаракати доирасида аҳоли турмушини яхшилашга қаратилган бир қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Ҳозирги кунда БМТКнинг фаолияти қуйидаги йўналишларда олиб борилмоқда:  

Кўнгиллилик ҳаракатини илгари суриш

Кўнгиллилик ҳаракати, ёки “ҳашар” тушунчаси Ўзбекистонда асрлар давомида мавжуд бўлиб келган. Бугунги кунда мазкур ҳаракат янги шакл касб этиб, бутун мамлакат миқёсида халқ фаровонлигини оширишга қаратилган. БМТКнинг Ўзбекистондаги фаолияти доирасида кўнгиллилик ҳаракатини илгари суришга қаратилган кенг кўламдаги тадбирларнинг ўтказилиши одат бўлиб қолган.

Ҳозирда БМТК давлат дастурларига кўнгиллиларнинг иштирокини илгари сурмоқда, ва шу аснода жорий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича ўзининг таклифларини беряпти. Баъзи қонун ва қонунчилик актларида кўнгиллиларнинг мақомини белгилаб олиш лозимдир. 

Ёшларни лойиҳаларга жалб қилиш 

БМТК ёшлар жамиятимизнинг ривожланиши ва юксалишида муҳим роль ўйнайди, шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш катта аҳамият касб этади деб ҳисоблайди. Бутун дунё ёшлари жаҳонда тинчликни ўрнатиш, жамиятнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишга интилади, бироқ бу йўлда ҳали амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар мавжуд.  

Асосий ижтимоий ва тиббий хизматларни кўрсатиш, ногиронларга ёрдам бериш 

БМТК Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Орол денгизи фожиаси оқибатида азият чекаётган аҳолининг ҳаёт фаолиятини қўллаб-қувватлаш” қўшма дастурига катта ёрдам бериб келмоқдалар. Кўнгиллилар бир неча йиллар давомида Орол денгизи ҳудудида яшовчи аҳолига сил ва бошқа нафас йўли касалликлари ҳақида маълумот бериб келяпти. Хусусан, Қорақалпоғистоннинг қишлоқ жойларида сил касаллиги бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш бўйича махсус ўқув курсларида 1730 нафар кўнгилли тайёрланди. Ҳозирда мазкур дастур доирасида бундай кўнгиллилик ҳаракатини Қорақалпоғистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимига киритиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Қорақалпоғистондаги таълим муассасаларининг ўқув дастурларига кўнгиллилик ва силнинг олдини олиш, у билан курашишга тааллуқли фанлар киритилган. 

БМТК Орол денгизи ҳудудида ўз ишини давом эттириб, у кўнгиллилик ҳаракатини илгари суришга интилади. БМТ кўнгиллилари БМТнинг қўшма дастури якунланганидан кейин Орол денгизи ҳудудида амалга ошириладиган бошқа лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этишни режалаштирган. 

Ўзбекистонда БМТК турли туман янги ғояларни ҳаётга тадбиқ қилиш, янги ташаббусларни амалга оширишда доим фаол иштирок этиб келади. Шунингдек, БМТК Ўзбекистонда ўзининг онлайн кўнгиллилар хизматларини жорий этишни ҳам режалаштирган.

III. Ташкилот билан қандай боғланиш мумкин? 

Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри, Миробод кўчаси 41/3, 100015 

Тел.: +998 (71) 120-61-67; Факс: +998 (71) 120-34-85 

E-mail: registry.uz@undp.org; Website: www.unv.org