Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти

I. ЖССТ миссияси

ЖССТга 1948 йилда асос солинган бўлиб, у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослашган таркибий бир агентлиги ҳисобланади. Ташкилот Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган бош идораси ҳамда 6та минтақавий ва 150та мамлакатдаги ваколатхоналаридан иборат. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотнинг Европа минтақасидаги ваколатхонасига қарашлидир.

Ўзбекистон 1992 йилнинг 25 май кунида ЖССТга қўшилди. 1993 йилдан бошлаб ЖССТ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таркибий қисми сифатида Ўзбекистонни соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро ва миллий мақсадларига эришишида, тегишли муаммоларни ечишда, хусусан 2000 йилгача мўлжалланган “Барча инсон саломатлигини таъминлаш” дастурини доирасидаги мақсадлар ҳамда БМТнинг Мингйиллик тараққиёт мақсадлари ва “Саломатлик 2020” дастурларининг мақсадларига эришишида яқиндан қўллаб-қувватлаб келмоқда.

ЖССТнинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлиги ҳозирги кунда Ўзбекистон томонидан 2012 йилда имзоланган Европанинг “Саломатлик 2020” дастури ва ушбу дастур доирасида 2014-2015 йилгача бўлган даврга мўлжалланиб Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан имзоланган Икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги келишув асосида амалга оширилмоқда.
Европанинг “Саломатлик 2020” дастурининг асосий мақсади соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириб, барча инсонлар тегишли тиббий хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлишини таъминлашдан иборат. Мазкур мақсадга қуйидаги чора-тадбирлар орқали эришиш кўзда тутилган:

• Соғлиқни сақлаш тизимида ҳар бир инсонни бутун ҳаёти давомида тиббий хизматлар билан таъминлаш, уларнинг мазкур тизимдаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган механизмларни жорий этиш орқали бутун тизимни такомиллаштиришга ёрдам бериш
• Мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳасида мавжуд бўлган энг мураккаб муаммоларни ечиш
• Соғлиқни сақлаш тизими барча инсонлар манфаатларига жавоб беришини таъминлаш ва
• Соғлом инсон ва соғлом муҳитни яратишга кўмаклашиш.

ЖССТ БМТнинг таркибий қисми сифатида Ўзбекистон Республикасини 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган миллий соғлиқни сақлаш тастурини ишлаб чиқишда қўллаб-қувватламоқда. 2014 йилнинг ноябр ойида “Саломатлик 2020” дастури доирасида тегишли тадқиқотларни бошлаб юбориш мақсадида Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилган тадбир Ўзбекистон мазкур дастурни амалга оширишга тайёр эканлигидан далолат беради. Мазкур тадбир давомида “Саломатлик 2020” дастурини амалга оширишда қўлга киритилган ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланди.


II. Асосий фаолият йўналишлари

Ўзининг мандати ҳамда янги давр учун Ўзбекистон Ҳукумати ва БМТ тизими ўртасида тузилган ЮНДАФ ҳамкорлик дастури доирасида ЖССТ қуйидаги йўналишларга ўз эътиборини қаратади:
Юқумсиз касалликларни (диабет, саратон, юрак ва ўпка касалликлари, сигарета чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол этиш, нотўғри овқатланиш ва кам ҳаракатланиш каби одатларни) назорат қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш: хусусан Ўзбекистонда илк бора табак ва спиртли ичимликларни истеъмол этувчи ёшлар сонини аниқлашга қаратилга
н халқаро сўровномалар асосида юқумсиз касалликларни қўзғатувчи хавф омиллари тўғрисида ҳар томонлама маълумот берувчи маълумотлар базаси яратилди. Мазкур маълумотлар базаси жорий йилнинг юқумсиз касалликларни даволаш ва уларнинг олдини олиш бўйича миллий дастурни ишлаб чиқишда қўл келади.
Юқумли касалликларга (ОИТС/ОИВ, сил ва эмлаш орқали олди олинадиган касалликларга) қарши кураш: хусусан, Ўзбекистон Республикасининг режа асосида амалга ошириладиган эмлаш дастурининг қамрови кенгайиб, ҳозирда деярли барча фуқаролар мазкур дастур доирасида ротавирус, пневмококк каби касалликларга қарши эмланмоқда. Силга қарши кураш бўйича давлат дастури ҳозирда янада такомиллаштирилиб, силнинг тарқалиши ва мултирезистент силнинг олдини олишга эришилмоқда.
Инсонларнинг бутун умри давомида саломатлигини яхшилаш (она ва бола саломатлиги, озиқланиш билан боғлиқ бўлган масалалар, репродуктив саломатлик, соғлиқни сақлаш тизимида гендер тенгликни ўрнатиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қашшоқликка қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш): хусусан, мамлакатда фаолият юритаётган мутахассисларнинг салоҳияти ва билимини ошириш, тегишли йўриқномаларни ишлаб чиқиш орқали она ва бола соғлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш.

Миллий соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш: хусусан, аниқ маълумотларга асосланган миллий дастурлар ва режаларни тузиш борасида ёрдам бериш; 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган миллий соғлиқни сақлаш стратегияси, юқумсиз касалликларга қарши кураш, она ва бола саломатлигини таъминлаш, эмлаш, ақлий соғломликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, ОИВ/ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш бўйича миллий стратегиялар амалга оширилмоқда.

Турли эпидемияларнинг олдини олиш ва уларга тайёргарлик кўриш тизимини такомиллаштириш: мазкур йўналишда республикада халқаро тиббий андозалар, жумладан 2005 йилда ишлаб чиқилган соғлиқни сақлаш соҳасидаги стандартларга риоя этилишини таъминлаш, лабораторияларни жиҳозлаш, микробактериялар резистентлигига қарши кураш ҳамда мамлакатда полиомиэлит касаллигининг олдини олиш борасидаги ташаббуслар. 

III. Ташкилот билан қандай боғланиш мумкин?



Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри, Маҳмуд Таробий кўчаси 16, 100100

Тел.: +998 (71) 281-51-72; Факс: +998 (71) 281-51-78

E-mail: office@who.uz; Website: http://www.euro.who.int/en/countries/uzbekistan

 

 

 

 

 

Янгиликлар

2016 йилда бутун дунё бўйлаб 12, 9 миллион, яъни ҳар 10 чақалоқдан бири умуман эмланмади. Бу дегани, гўдаклар эрта ёшда вафот…

2017 йил 8 майда Тошкентда Бирлашган МиллатларТашкилотининг йўлларда хавфсизликни таъминлаш Глобал хафтасини қўллаб-қувватлаш…

7 апрель куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон cоғлиқни cақлаш ташкилоти идорасининг кўмагида Бутунжаҳон салом…

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) илк бор “бирламчи патогенлар” – инсон саломатлиги учун энг хавфли бў…