Халқаро Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни (5 июн)

“Она-еримизни сақлаб қолиш, инсонларни қашшоқликдан халос қилиш, иқтисодий юксалиш… буларнинг ҳаммаси битта кураш доирасида эришиладиган мақсадлардир. Иқлим ўзгаришига қарши кураш, чучук сув танқислиги, энергиянинг етишмовчилиги муаммоларини ҳал қилиш, бутун дунёда соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалаларни ечиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз даркор. Бир муаммонинг ечими қолган барча муаммоларни ҳам ечишга ёрдам бериши лозим”.

 БМТ Бош котиби Пан Ги Мун

Умумий маълумот

Халқаро Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун жаҳон миқёсида долзарб бўлган экологик муаммолар тўғрисида халқаро жамоатчиликни хабардор этиб, шу муаммоларни ечишга дунё халқларини чорлайди. Йиллар оша мазкур кун 100 дан ортиқ мамлакатда нишонланиб келиб, ҳозирда экологик муаммоларни ечишга ёрдам берувчи муҳим бир замин бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу кунда барча халқлар бирлашиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, она-еримизни асраб қолишга ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш имконига эга бўладилар.

Халқаро Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни БМТ Бош Ассамлблеяси томонидан 1972 йил Стокголмда бўлиб ўтган Инсоният муҳити мавзуидаги конференцияда жорий этилган.

Ушбу сана нимага муҳим?

- инсоният фаровонлиги, атроф-муҳит соғломлиги, иқтисодиёт самарадорлиги еримизда мавжуд бўлган табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорона фойдалана олишимизга боғлиқдир

- ҳозирги кунда ер шаридаги кўплаб экотизимларнинг захиралари деярли бутунлай тугаб, ортига қайтариб бўлмайдиган салбий жараёнларга юз тутган, бунинг устига бутун дунёда аҳолининг ўсиб бориши, иқтисодий ривожланиш каби омиллар мазкур муаммонинг янада чигалланишига олиб келяпти

- 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг сони 9,6 миллиардга етиб қолишини инобатга олганда, табиий ресурсларни ҳозирги суръат ва ҳажмларда истеъмол этишимизни, маҳсулот ишлаб чиқаришимизни давом этаверсак, келажакда бизга ҳозирги ер шаримизнинг катталигидаги яна учта ер шари керак бўлади

Мазкур сана нафақат она-ер туҳфаларини қадрлаш, еримизда мавжуд бўлган бой биологик хилма-хилликни асраш кунидир. Ушбу кунда биз барчамиз она-еримизни қандай қилиб муҳофаза қилишимиз, унинг табиатини қандай асрашимиз, ҳозирда долзарб бўлиб қолган экологик муаммоларни қандай ечишимиз мумкинлиги тўғрисида чуқур ўйлашимиз, ер-шаримизни янада гўзалроқ, соғломроқ қилиш йўлларини излашимиз лозимдир.

БМТ ушбу санани қай тарзда нишонлайди?

Мазкур санани нишонлаш билан боғлиқ кенг кўламдаги тадбирларни муайян бир шиор остида, ёки мавзуда ўтказиш вазифаси ҳар йили алоҳида бир мамлакатга юклатилиб, шу мамлакатда 5 июн куни тўғри келадиган ҳафта давомида халқаро кўргазма ташкил этилади. 2015 йилда ушбу сана “Етти миллиард орзу. Ягона сайёра. Истеъмолимизда тежамкор бўлайлик ” шиори остида нишонланиб, тегишли тадбирлар Италияда ташкиллаштирилди.

Мазкур санани нишонлашда бутун дунё бўйлаб 70 та мамлакатда миллионлаб одамлар иштирокида кенг кўламли тадбирлар ўтказилади. Ҳар йили кекса ва ёш фаоллар турли кўргазмалар, атроф-муҳитни тозалаш ишлари, ҳашарлар, концертлар, ОАВ иштирокидаги бир қатор тадбирлар, турли танлов ва мусобақалар ташкиллаштиришда қатнашадилар.

 

 

БМТ Бош котибининг Атроф-мухитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан йўллаган мурожаати

Атроф-мухитни муҳофаза қилиш куни Ўзбекистонда