Умумжаҳон Соғлиқни сақлаш куни (7 апрел)

“Соғлиқ бу мутлоқ жисмоний, ақлий ва ижтимоий фаровонлик ҳолатидир, фақатгина касаллик ёки ҳолсизликнинг йўқлиги эмас.”                                                                           УССТнинг Конституцияси

Умумий маълумот

1948 йилда Биринчи Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг йиғилишида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига асос солинган кунни нишонлаш таклифи киритилди. 1950 йилдан бошлаб Умумжаҳон Соғлиқни сақлаш куни ҳар йили 7 апрел куни турли мавзуларга бағишланган ҳолда нишонланиб келмоқда. Ҳар йили мазкур кунни нишонлаш муносабати билан ЖССТ учун долзарб бўлган муайян бир мавзу танланади. Ушбу санада соғлиқни сақлаш соҳасидаги турли узоқ муддатли лойиҳа ва ташаббусларнинг бошланиши одат бўлиб қолган.

Ушбу сана нимага муҳим?

- Ҳар бир инсон, унинг ирқи, дини, сиёсий қарашлари, иқтисодий ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг юқори андозаларга жавоб берадиган тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.

- Соғлиқ ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, инсон тараққиёти ривожланишини белгилаб берувчи муҳим омиллардан биридир.

- Бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни ўрнатиш нуқтаи назардан аҳоли соғлигини таъминлаш ва шу мақсадда фуқаролар ва давлат ўртасида самарали ҳамкорликка эришиш миҳоятда муҳимдир.

- Ҳар бир инсоннинг саломатлиги, соғлигини таъминлаш учун соғлиқни сақлаш тизими энг илғор тиббий билим ва тажрибаларга асосланган бўлиши лозим.

- Болаларнинг соғлом ривожланишини таъминлаш устувор мақсадлардан бири; тобора ўзгариб бораётган муҳит билан ҳамоҳангликда яшай олиш бундай соғлом ривожланиш учун ниҳоятда зарурдир.

БМТ ушбу санани қай тарзда нишонлайди?

Умумжаҳон Соғлиқни сақлаш кунини нишонлаш билан боғлиқ бўлган тадбирлар ЖССТнинг бошчилигида ташкиллаштирилади. Ушбу кунни нишонлаш муносабати билан ҳар йили соғлиқни сақлаш соҳасида долзарб бўлган масалаларга халқаро жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида муайян бир мавзу белгилаб олинади. Бундай мавзу, ёки шиор остида турли-туман тадбирлар, ташаббус ва танловлар ташкил қилиш орқали, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ бўлган масалаларга жамоатчиликнинг эътибори жалб этилади.

2015 йилда мазкур сананинг мавзуси “Даладан то дастурхонгача озуқа хавфсиз бўлсин ” деб номланди. Ушбу шиор остида ЖССТ озуқавий хавфсизлик билан боғлиқ бўлган масалаларни ёритишга, озиқ-овқатларни ишлаб чиқарувчилар, уни етказиб берувчи ҳамда истеъмол қилувчилар ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатишга интилди. 

БМТ Бош котибининг ССК муносабати билан йўллаган мурожаати

ССК Ўзбекистонда