Умумжаҳон матбуот эркинлиги куни (3 май)

 

“Ҳар бир инсон эркин фикрлаш ва ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқига эгадир; мазкур ҳуқуқ фикрга эга бўлиш, уни ҳимоялаш, маълумот ва ғояларни исталган восита орқали излаш, олиш ва тақдим этиш ҳуқуқини ўз ичига олади."                                                                            Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 19-моддаси

Умумий маълумот

Умумжаҳон матбуот эркинлиги куни 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1991 йилда ЮНEСКО Бош конференцияси 26-йиғилишида берилган тавсияси асосида жорий этилган. Мазкур тавсия, ўз навбатида, 1991 йилда Африка журналистлари томонидан ишлаб чиқилган ОАВ плюрализми ва мустақиллиги ҳақидаги тарихий Виндхук декларациясига асосланган эди.

Мазкур кун жорий этилишининг асосий мақсади матбуот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, бутун дунёда матбуот эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, ОАВ эркинлиги, мустақиллигига қилинаётган тажоввузларнинг олдини олиш, ОАВни ҳимоя этиш, ўзининг касбий бурчини бажараётганда кўз юмган журналистларни ёдга олишдан иборатдир.

Бу сана нимага муҳим?

- фикрни ифода этиш эркинлиги самарали давлат бошқарувининг устувор тамойилларидан биридир;

- ушбу эркинлик давлатларда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати ҳақидаги маълумот берувчи муҳим бир воситадир, қолаверса, мазкур эркинлик мамлакат ҳукуматининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлигини таъминловчи, уни назорат қилишга замин яратувчи бир тамойилдир

Мазкур санани БМТ қай тарзда нишонлайди?

БМТнинг матбуот эркинлиги тўғрисидаги ғояни илгари суриш масаласи бўйича ихтисослашган ташкилоти бўлмиш ЮНEСКО агентлиги ҳар йили Умумжаҳон матбуот эркинлиги кунини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни тайёрлаш, ўтказиш жараёнини бошқариб боради ва дунёнинг турли мамлакатларида тегишли ташаббус ва тантанали тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этади.

Шунингдек, мазкур кунда ЮНEСКО/Гилермо Кано номидаги матбуот эркинлиги бўйича махсус соврини ҳам тақдим этилади. Мазкур соврин 1997 йилда жорий этилган бўлиб, дунё бўйлаб матбуот ва фикр эркинлиги ғояларини илгари сурган, айниқса хавфли вазиятларда мазкур эркинлик ва ҳуқуқни ҳимоя этишга ўз ҳисасини қўшган инсонлар ва ташкилотларга тақдим этилади.

2015 йилда Умумжаҳон матбуот эркинлиги куни қуйидаги масалаларга бағишланди:

- Сифатли журналистика, тобора такомиллашиб бораётган ахборот ва алоқа технологияларнинг ҳаётимизга кириб келишини инобатга олган ҳолда аниқ, мустақил равишда ахборот етказиб бериш муаммоси долзарблигича қолмоқда.

- 20 йил илгари Пекин декларацияси қабул қилинишига қарамасдан, ОАВда ҳануз гендер тенглиги тўлиқ ўрнатилмаган. ОАВда бошқарув лавозимларини эгаллаб турувчи аёлларнинг сони ниҳоятда камдир. 

- Рақамли маълумотлар хавфсизлиги, ахборот манбаларининг хавфсизлигини таъминлаш масаласи журналистлар учун ниҳоятда мушкул бўлиб қолмоқда.

 

БМТ Бош котибининг ХМЭК муносабати билан йўллаган мурожаати

ХМЭК Ўзбекистонда